Uzcard онлайн-омонатлар учун яна тўлов олишни бошлади

Uzcard онлайн-омонатлар учун яна тўлов олишни бошлади

Uzcard 1 майдан бошлаб онлайн-омонатлар бўйича банклардан 0.25 фоиз миқдорида тўлов олишини маълум қилиб, банкларга тегишли хат жўнатган.

Uzcard бош директори Ахрор Махмудовнинг маълум қилишича, онлайн-омонатлар ва онлайн-конверсия хизматларини оммалаштириш мақсадида, улар бўйича тўловларни 2018 йил 6 сентябрдан бекор қилган эди. Ушбу чоралар 2019 йилга ҳам узайтирилган эди, лекин компаниянинг айтишича, банкларнинг ушбу имтиёзлардан бошқа тижорий мақсадларда фойдаланиши ҳолатлари учраган.

«Афсуски, икки-уч ой давомида транзакцияларни ўрганишни бошлаганимизда, кўплаб банклар ушбу хизматдан бошқа тижорий мақсадларда фойдаланаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Яъни, давлат олдидаги солиқ тўловларини ва Uzcard комиссияларини четлаб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Шунинг учун, Uzcard 1 майдан бошлаб онлайн-омонатлар хизмати учун тўлов жорий қилиниши ҳақида барча банкларни огоҳлантирди. Лекин онлайн-конверсияга мораторий сақланиб қолинади», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, банклар P2P-ўтказмалари (каратдан картага ўтказиш) учун электрон ҳамёнлардан фойдаланишган.

«Ҳар бир банкнинг мобил иловасида электрон ҳамён мавжуд. Бу яхши хизмат тури, у ривожланиши керак. Биз ҳам буни фақат қўллаб-қувватлаймиз. Банклар P2P-ўтказмаларини бошқа мақсадларда ишлатишган. P2Pнинг виртуал терминали (E-POS) бўлиб, унинг тарифлари алоҳида 0,25 фоизни ташкил этади», — деди Ахрор Махмудов.

У бунга мисол келтирди: агар ушбу хизматдан фойдаланаётган шахс битта банкдаги карта ҳисобини бошқа бир банкдаги картасидан тўлдирмоқчи бўлса, у ўзининг электрон ҳамёнини тўлдириши ва ундан картани тўлдириши мумкин. Ушбу транзакция учун фози ставкаси нольга тенг.

«Лекин бу учун банк комиссия олади. Демак, давлат ушбу транзакциядан солиқ тўлови олиши керак эди, лекин фойда банкка ўтади. Солиқ ва Uzcard учун комиссия тўланмайди», — дея тушунтирди Ахрор Махмудов.

Uzcard раҳбари «электрон ҳамёнларни ўлдирмаслик учун» онлайн-омонатлар учун комиссия нархи 0,5 фоиздан 0,25 фоизга туширилганлигини таъкидлади.

«Чунки банклар P2P-ўтказмалари учун ушбу ҳамёнлардан фойдаланишни бошлашди, бизда улар 0,25 фоизга тарифланади. Электрон ҳамёнларни тўлиқ ўлдирмаслик учун, биз комиссияни 0,25 фоизга камайтирдик. Улар орасидаги тариф энди бир хил бўлади», — деди у.

Ахрор Махмудовнинг фикрига кўра, комиссия онлайн-омонатларнинг оммалашувига таъсир қилмайди.

«Тижорат банклари онлайн-омонатлар бўйича фоизларни оширишадими? Ўйлашимча, йўқ. Чунки онлайн-омонатлар бўйича тўланадиган фоизларнинг йиллик ставкаси 23−24 фоизга тенг, банк мижозлари учун ўртача кредит фоизлари эса 30−34 фоизга тенг», — деди Uzcard бош директори.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, Миллий банклараро процессинг марказида (Humo) картани дебитлаш бўйича ҳар қанда операциялар учун (онлайн-омонатлар, онлайн-конверсиялар, P2P-ўтказмалари ва бошқалар) ягона комиссия белгиланган — у 0,03 фоизга тенг.