“Ваҳима қўзғатяпти” — Ашхободда юзига ниқоб таққан аёл жаримага тортилди 

“Ваҳима қўзғатяпти” — Ашхободда юзига ниқоб таққан аёл жаримага тортилди 

Фото: Хроники Туркменистана

Ашхобод полицияси ўзини COVID-19 коронавирусидан ҳимоя қилиш учун ниқоб кийиб кўчага чиққан одамни жаримага тортди, дея хабар беради Фарғона ахборот агентлиги “Хроники Туркменистана” нашри маълумотларига таяниб.

Агентликнинг ёзишича, бир аёл кечқурун ишдан уйга қайтаётганида унинг ҳужжатларини текшириш учун полиция тўхтатади, шунда ҳаммаси жойида эди. Аммо кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари нима учун аёл ниқобни таққанини ва бу ҳукуматнинг карантин чораларига ишонмаслигини англатишини айтади. Полиция ходимлари ўзлари ҳам ниқоб тақмаганларини таъкидлади.

Полиция аёлни ваҳима қўзғатяпти деган хулосага келади ва 249 манат (расмий курс бўйича 71 доллар) жарима белгилайди.

Аёлнинг паспорти гаров сифатида олиб қолинади ва эртаси куни тўлов қилганлиги тўғрисида банк квитанцияси келтирганидан сўнг бериб юборилади.

“Хроники Туркменистана”нинг ёзишича, мамлакатдан четга чиқиш режими янада қаттиқлашган. Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг коронавирусга қарши кураш тўғрисидаги 25 феврал куни қилган баёнотидан сўнг “Туркман ҳаво йўллари” Истанбул ва Анқара рейсларини бекор қилди.

Turkish Airways Ашхободга парвозларни давом эттирмоқда, бироқ самолётларда фақат хорижликларга  рухсат берилган.