Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Вақтинчалик прописка”ни онлайн олиш осонми?
11.02.2019 17:52,  
111

2013 йили “Вақтинчалик прописка” олиш тартиби бошлангандаёқ, ҳужжат тўплаб, у ёққа югур-бу ёққа югурлардан зада бўлиб, наҳот шуни электрон тартибда амалга ошириб бўлмаса, деб ёзгандим. 2018 йил ноябрь ойидан ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш хизмати тест режимида ишлай бошлади. Хизмат статистикасига кўра, ноябрь ойида 1, декабрь ойида 0, январ ойида 8 киши my.gov.uz орқали ҳисобга олиш варағини олди. Мен ҳам бугун “вақтинчалик прописка”ни онлайн олдим.

Натижага эришиш осон бўлмади. Гапни узоқдан бошлайман. Зерикканлар охирини ўқиб олишар.

2018 йилнинг декабрь ойида ижара шартномаси баҳонасида ўзимга ЭРИ (электрон рақамли имзо) олдим. ЭРИ олиш ҳақида интернетдан қидирганимда Давлат Солиқ қўмитаси сайтидаги “ЭРИ қандай олинади?” деган мақола чиқиб келди. Узундан узоқ тушунтирилган йўриқномада исталган Давлат хизматлар марказига шахсни тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси, ЭРИ калитини рўйхатдан ўтказиш ва сертификатни бериш учун имзоланган ариза топшириш кераклиги, аризани кўриш муддати 5 кундан ортиқ эмаслиги баён қилинган эди. Электрон тарзда олиш имкони ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. “Оббо”, дедим, “ўзи электрон имзо бўлса, унга ҳам шунча ҳужжат, оворагарчилик” деб, Давлат хизматлар марказига йўл олдим. Йўқ, иш тез битди: ариза ҳам керак бўлмади, 5 кун ҳам кутмадим. СТИР рақамимни айтдим, Click орқали 14192 сўм тўладим, оператор флешкамга ёзиб берди, телефонимга коди келди. 5 дақиқада ҳаммаси битди. Уй эгасига ҳам шу тартибда ЭРИ олдик (ЭРИ олишда фуқаронинг ўзи албатта келиши керак экан).

Электрон рақамли имзони қандай ишлатиш ҳақидаги йўриқнома билан танишиб чиқдим. e-imzo.uz сайтидан шу номдаги дастурни олиб ўрнатиш керак экан. Дастурни кўчириб, ўрнатмоқчи бўлгандим, архивланган экан, парол сўради. Сайтнинг ҳеч бир жойида дастур архивлангани, пароли борлиги айтилмаган. Научно-информационный центр при ГНК РУз (сайт тўлиқ русча экан) контактлари билан боғланиб, паролни олдим. Кейинроқ билсам, id.gov.uz орқали регистрация қилинганда, e-imzo дастурини ўрнатиш ҳақида эслатма чиқар экан, шу ердан архивсиз дастурни кўчириб олиш мумкин экан. Дастурни ўрнатиш бўйича йўриқнома: https://e-imzo.uz/main/install

Кейинги босқичда Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали рўйхатдан ўтдим, ЭРИни тасдиқладим. Уй эгаси учун аввал my.soliq.uz орқали аккаунт очиб, ижара шартномасини топширишни синаб кўргандик. Энди Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш учун my.gov.uz‘дан ҳам рўйхатдан ўтиш керак. Уй эгасини регистрация қилдик, лекин ЭРИни тасдиқлаб бўлмади: паспорт бўйича СТИР рақами мос келмади. Паспорт рақами бўйича СТИР бошқа кишининг номида экан.

Давлат солиқ қўмитасига қўнғироқ қилиб, суриштирдим. СТИР эгаси солиқ идорасига паспорти билан бориб, инспекторга мурожаат қилиши керак экан. Бу орада уй эгасининг оёғи қайрилиб, тўшакда ётиб қолди. Ҳамма ишлар учун менга ваколат берди. my.soliq.uz орқали орқали электрон мурожаатни йўлладим. Эртаси куниёқ телефон қилиб вазиятни тушунтиришди: жорий (охирги олинган) СТИРни паспорт рақамига боғлаш учун аввал эски СТИРни ўчириш керак экан. Уй эгаси олдин бошқа туманда пропискада турган ва ўша ердан СТИР очилган, сўнг ҳозирги яшаётган туманга кўчган, у ердан ҳам СТИР очилган экан. Инспектор эски СТИР бошқа туман базасида бўлгани учун ўчириш имкони йўқлигини, ўша туманга бориб, СТИРни айтиб, ўчиртириб келишимни айтди. Бошқа тумандаги СТИР билан шуғулланувчи мутахассисга вазиятни тушунтирдим. Яхши йигит экан, тезда ҳал қилди: СТИРни нариги туман базасига ўтказиб берди. Эски СТИР базадан ўчирилиб, янги СТИР паспорт рақамига боғлаб берилди. Порталнинг базасида янги маълумот кўрингунча, ярим ёки бир кун кутасиз, дейишди.

Ўша куни кечқурун my.gov.uz орқали ЭРИни боғлашга ҳаракат қилдим. Ё мен томондан ё улар томондан техник хатолик чиқараверди. Бир соатлик уринишдан сўнг, ЭРИни тасдиқлаб олдим. Сўнг бисмиллоҳ деб, аризани тўлдиришни бошладим. egovernment.uz сайтида йўриқнома берилган экан: https://my.soliq.uz/main/howtoget-eds. Онлайн тарзда хизматдан фойдаланишнинг 12 босқичидан ўтиларкан. Аввал уй эгаси номидан кириб, маълумотларни тўлдирдим. Болаларни ҳам шу ердан киритиш мумкин экан. Лекин турмуш ўртоғи деган жойи йўқ эди. Уй эгаси номидан маълумотлар тўлдириб бўлингандан сўнг, махсус код берилди (инвойс). Ушбу код вақтинчалик рўйхатдан ўтувчи шахсга берилиши лозим, чунки шу босқичдан кейин аризани тўлдириш уй эгасидан рўйхатдан ўтган шахсга ўтади. Мана шу инвойс орқали мен ўз номимдан кириб, регистрацияни давом эттиришим керак. Лекин бўлмади. Ҳадеб, “Рухсат йўқ (#403)” деган хато чиқараверди. id.gov.uz телефон рақами билан боғландим. Кечқурун ишлашмас экан. Эртасига 71 2022202 рақами билан боғланиб, вазиятни баён қилдим. “Жисмоний шахснинг шахсий рақами (ЖШШР)” нотўғри киритилган экан. Шунга хатолик чиққан экан. Ниҳоят аризани топшириб олдим. Телефонимга хабарнома келди.

Турмуш ўртоғимни ҳам битта аризага бириктирсам керак, деб ўйлагандим. Онлайн аризада бундай банд чиқмади. Бирга Давлат хизматларига бориб, ЭРИ олиб келдик. Аёлим номидан ҳам регистрация қилиб, онлайн ариза топширдик.

Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш хизмати паспортида бу босқичдан сўнг нима бўлиши, энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи миқдоридаги давлат божини қаерга тўлаш кераклиги, савол туғилганда кимга ва қайси рақамга мурожаат этиш кераклиги ёзилмаганди. egovernment.uz сайтида ёзилишича, ариза онлайн топширилганда рўйхатдан ўтиш ҳужжатининг берилиш муддати 1 кун деб белгиланган. Бир кундан сўнг ариза юзасидан ягона интерактив давлат хизматлари порталининг телефон рақамига қўнғироқ қилдим. Улар бу масалада Ички Ишлар вазирлигига қўнғироқ қилишимни айтишди. ИИВнинг 1102 рақамида навбат кўплиги учун узоқ кутиб ўтирмадим. Индин куни портал орқали матнли мурожаат йўлладим. Ариза топширганимнинг учинчи куни телефонимга хабар келди.

Юборилган квитанцияни принтердан чиқариб олдим. Яна ўша муаммо: квитанцияни қаердан тўлаш, сўнг нима қилиш ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Аввалига Payme орқали тўлашга ҳаракат қилдим. Яқинда Payme орқали Давлат хизматлари учун пул тўлаш мумкинлиги ҳақида хабар ўқиган эдим. Инвойс рақамини киритдим. Йўқ, ҳали бу хизмат учун онлайн тўлаб бўлмас экан. Бир неча банкка кириб кўрдим. Бунга тўлай олмасликларини, “паспорт стол”дан тўласа бўлишини айтишди. Ўша ерга бориб тўладим. 5 дақиқадан сўнг телефонимга “Vasha zayavka obrabotana” деган хабар келди. Уйга келиб, my.gov.uz’ни очсам: Ура! Прописка тайёр!

Хулоса: агар сиз ахборот технологияларидан камроқ хабардор бўлсангиз, электрондан кўра, анъанавий ариза топширганингиз маъқул. Камроқ вақтингиз кетади. Лекин онлайн аризани топширишда бошида бир марта овора бўласиз-да, кейингилари жуда осон кечади.

Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш хизмати тест режимида бўлгани учун ҳали такомиллашмаган. Кейинги бочқичда қуйидагиларга эътибор қаратилса:
1. Хизмат паспортида жараён ҳақида батафсил маълумот, расмли йўриқнома, давлат божини қаерга тўлаш кераклиги, савол туғилганда кимга ва қайси рақамга мурожаат этиш кераклиги ёзилиши керак.
2. Ариза тўлдиришда 16 ёшгача болаларни киритиш қисми бор. Шуни оила аъзолари деб ўзгартирилса ва “турмуш ўртоғи” деган банд ҳам киритилса. Шунда битта аризага бир оилани киритиб бўлади. Шунда алоҳида ЭРИ ва рўйхатдан ўтиш талаб қилинмасди. Ҳисобга олиш варағида болалари киритилганидек, турмуш ўртоғини ҳам киритиш ёки у учун алоҳида ҳисобга олиш варағини шакллантириш мумкин.
3. Бу хизмат учун давлат божини Payme ёки Click орқали тўлашни йўлга қўйиш керак. шунда яна бир оворагарчиликка чек қўйиларди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан