Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Ватанпарварлик бурчи”
10.05.2016 15:22,  
87

Одамзот қизиқ.

Охирги пайтларда чексиз ахборот оқимининг таъсирида воқеа-ҳодисаларга, инсонларга нисбатан одамларнинг онги, фикрлаши ўзгариб бормоқда. Кеча сўкиб юрган нарсанг бугун асли фойдали бўлиб чиқса..кечаги дўстинг душману душманинг дўстингга айланса..

Аслида-ку, ҳамма ўзгаради. Бугунги муносабатлар, ҳиссиётлар ўткинчи.

Нима демоқчилигимни балки машҳур турк ҳажвчиси Азиз Несиннинг мана бу автобиографик ҳикояси парчасидан англаб оларсиз.

Айтиб ўтишимиз керакки, Азиз Несин ҳикояларининг асосий қаҳрамонлари жамиятнинг энг қуйи бўғинидаги оддий шахслар, иш тополмай сарсон одам, оч-яланғоч дарбадар, бюрократ раҳбарчалару, юпун оилалардир.

“...Профессионал ёзувчи бўлганимдан бери ўқувчиларимнинг барча мактубларини йиғиб бораман, уларни гуруҳлайман ва досье юритаман. Минг афсуски, 1955 йилгача олган хатларим ҳозир йўқ, полиция минг марталаб уйимни тинтиганида уларни олиб кетиб қайтармаган. Умидим борки, бу хатлар полициянинг бирорта архивида четда ётибди. 1955 йилдан кейин олган барча хатларимни санасига кўра саралаб ўзимда сақлайман. Қирққа яқин лиқ тўла папкалар менинг бойлигимдир.

1958 йилда Аданалик турк ишчи менга биринчи хатини йўллаган эди. Хат хунук ва ноаниқ ёзилган. Тўрт саҳифа энг қўпол, беадаб ҳақоратларга тўла эди. У менинг тимсолимда ватан хоинини кўрган. Ҳақоратларга илова тариқасида калла суяги, қон томаётган ханжар, тўппонча ва дор расмини чизган, келаси якшанба куни Фенербахчи ва Галатасарой жамоалари футбол матчини томоша қилиш учун Аданадан Истанбулга келгач, бир йўла улуғ ватанпарварлик бурчини адо этиб мени – ватан хоинини ўлдиришини ёзганди.

Кўплар почта орқали менга ўлдириш таҳдидини қилишган, аммо расмлисини биринчи кўришим эди. Мен қалтироқ қўлларим билан хатни текисладим ва бошқалари қаторига қўшдим.

Матч ўтди, мени эса ҳеч ким ўлдирмади.

Уч йил ўтди. 1961 йилда Аданалик ўша ишчидан яна бир хат олдим. Бу сафарги хат қуйидагича бошланган эди: “Муҳтарам устоз, ҳурматли адибга!” Сўнг хат муаллифи уч йил аввал мени ўлдирмоқчи бўлганини эслатган. У, ҳақиқатан, мени ўлдиришга қатъиян аҳд қилганини тасдиқлади. Аммо ниятини амалга оширолмай қолган, чунки хўжайини ишдан қувиб юборгани сабабли йўлкирага пул тополмай Истанбулдаги матчга келолмаган. У яна ўшандан бери ниҳоятда ўзгарганини, бегона гап-сўзларга учиб ёзган ғофилона хатидан қаттиқ хижолатдалигини ёзади. Кўп ўтмай у газетада менинг бир ҳикоямни ўқиб қолибди ва шундан бери бошқа ҳикояларимни қидиришга тушибди. Ҳозирда эса бирорта китобимни қолдирмасдан ўқиркан. Атрофида кечаётган ҳодисаларга энди у бошқача назар ташларди.

Биласизми, бу хат нимаси билан менга қадрли? Аданалик ишчи биринчи хатида ҳам, иккинчисида ҳам исми ва манзилини яширмаган. Одатда, почта орқали таҳдид қилувчилар қўрқоқ ва паст одамлар бўлишади ва махфий қолишни афзал кўришади.

Мен, албатта, ўша ишчини хотирладим. Досьени титкилаб биринчи хатини топдим.

Мен бир қанча миллий ва халқаро мукофотлар, совринлар ва фахрий дипломлар олганман. Лекин ҳеч бири Аданалик ишчининг иккинчи хатидай мени қувонтирмаган...”

манба: Ш. Исломов блогидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан