Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Венгрия ва Ўзбекистон ўртасида 1,2 миллиард долларлик қатор ҳужжатлар имзоланди
18.10.2022 17:00,  
21

Жорий йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Наджи билан видеоконференсалоқа тарзида музокаралар ўтказди.

Суҳбат чоғида давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда ижобий динамика кузатилаётгани, бунга Ўзбекистон раҳбарининг жорий йил октябрь ойи бошида Венгрияга ташрифи катта туртки бергани таъкидланди.

Томонлар амалдаги келишувларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик 42 та ҳужжатни жадал ижро этиш бўйича чора-тадбирларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, фармацевтика, банк-молия, транспорт ва логистика соҳаларида, шунингдек, сув хўжалиги жараёнларини рақамлаштириш соҳасида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хусусан, Венгриянинг Bona Farm, Master Good ва Kite компаниялари вакилларининг паррандачилик кластерларини ташкил этиш, интенсив боғдорчилик ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш, RABA ва Joison Safety Systems компаниялари ходимларининг автомобилсозлик саноати учун бутловчи қисмларни етказиб беришни ташкил этиш, Meditop, Femfelgozzo, Gideon Rixter компаниялари инновацион дори воситалари, тиббий мебеллар ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш учун юқори технологияли фармацевтика корхоналарини яратиш каби лойиҳаларини батафсил ўрганиш мақсадида ташрифларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Банк-молия соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, томонлар Ўзбекистон-Венгрия қўшма инвестиция жамғармасини яратиш имкониятларини кўриб чиқдилар, шунингдек, OTP Group билан лойиҳани амалга оширишни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Транспорт-логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг жиҳатлари алоҳида кўриб чиқилди. Томонлар Wiz Air авиакомпанияси билан Самарқанд – Абу-Даби тўғридан-тўғри рейслари муваффақиятли йўлга қўйилганини олқишладилар ва ўзбекистонлик инвесторлар иштирокида қўшма авиаташувчи компанияни яратиш масаласини муҳокама қилдилар. Ҳаво қатнови тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимни имзолашни тезлаштиришга келишилди.

Сув хўжалиги жараёнларини рақамлаштириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тегишли илмий муассасалар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорликнинг муҳокама қилинган йўналишларини амалга ошириш мақсадида "Йўл хариталари" ва дастурларини бажариш бўйича қўшма ишларни давом эттириш ва аниқ амалий чоралар кўришга содиқлигини билдирдилар.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан