“Мусаффо осмон”даги хабар каналининг аҳволи ҳақида

“Мусаффо осмон”даги хабар каналининг аҳволи ҳақида
Интернетда O'zbekiston-24 хабар телеканалига кўзим тушиб қолди. Эркин журналистман; Ёшлар каналида олти йил муаллифлик кўрсатуви олиб борган бўлишимга қарамай, ўзбек телеканалларини анчадан бери кўрмай қўйгандим. Шунинг учун, қизиқиб, кўра бошладим. Тошкент вақти билан соат 20:30, Торонтода 11:30 эди.
 
Мен учун ҳафтанинг асосий воқеаси — Ўзбекистонга бевосита алоқаси бўлган Озарбайжоннинг ишғол остидаги Тоғли Қорабоғ ва еттита озарий туманини озод қилиш учун Арманистонга қарши давом эттираётган уруши бўлиб, воқеа дунё оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
 
Мавзуни турк, ўрис, озарий ва бошқа ғарб давлатлари ОАВлари қандай ёритаётганини кузатиб бораётгандим. Шунинг учун, Ўзбекистон хабар каналини ҳам мазкур рўйхатимга қўшиб, солиштирмоқчи бўлдим.
 
Янгилик ёки хабар канали деганда биринчи навбатда CNN, ВВС, Ал-Жазира кабилар эсга тушади. Улар кеча-ю кундуз мамлакат ичи, турли минтақалар ва дунёнинг бошқа мамлакатларида юз бераётган воқеаларни тезлик билан томошачиларга етказиб беришга хизмат қилишади.
 
Томошачи эътиборини тортиш учун учун кучли рақобат бўлгани сабабли, битта давлатда бир қанча хабар каналлари бўлиши мумкин. Масалан, хусусий телевидениелар сони 300 га яқин бўлган Туркияда фақат янгилик тарқатадиган каналлар сони олтита бўлиб, улардан бештаси хусусийдир.
 
Янгилик каналлари ҳар бир долзарб масалани бир қанча соҳа мутахассислари билан жонли ёйинда муҳокама қилишади. Совет давридагига ўхшаб, иқтидордагилар ёзиб берган матнни ўқиб бериш ўтган асрда қолиб кетган.
 
Ўзбекистондаги битта-ю битта расмий хабар канали O'zbekiston-24 юқоридаги талабларга жавоб берадими? Энди, шу саволга жавобимни келтираман.
 
Ўзбек янгиликлар телеканалини 11 октябр, якшанба куни ярим соатча кўрдим. Шунинг ўзиёқ, бу канал ўз вазифасига хизмат қилмаётганини яққол кўришим учун етиб-ошди.
 
Соат 20:30 да O'zbekiston-24 канали чамаси икки дақиқача "Янги Ўзбекистон дунё нигоҳида" деган титр остида ипак йўлидаги муҳим минтақадан ер олган Ўзбекистон ҳақидаги чет элликларнинг мақтов гапларни ёзиб турди. Бунинг нимаси хабар экан, англамадим.
 
Мақтовдан кейин реклама бошланди. Кўрсатилган учта рекламанинг иккитаси ўрис тилида, битта қисқагинаси эса ўзбек тилида берилди. Мен буни нафақат давлат тилига, балки ўзбек томошачига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳоладим.
 
Соат 20:36 да Тошкент металлургия заводи ҳақида 20 дақиқалик лавҳа кўрсатила бошланди (?!). Хабар канали мақсадига умуман тўғри келмайдиган мавзу! "Майли" деб, кўра бошладим.
 
Лавҳа ўзбек тилида тайёрланган бўлишига қарамай, заводда ишлар асосан ўрисча юритилаётгани ўз-ўзидан кўриниб қолди:
 
- сифат бўйича бошлиқ Бекали Тўрабеков ўрисча интервю берди;
 
- "Завод марказий лабораторияси" деган ёзув эса бинонинг пештоқига ҳам, ичкарига ҳам фақат ўрис тилида ёзилгани, бу иш ерида давлат тили ўз ўрнини топмаганини камера ошкор қилиб қўйди.
 
Соат 20:56 да яна "Янги Ўзбекистон дунё нигоҳида" рукни остида титрлар берилди. Коронавирус сабабли, бутун дунё мамлакатлари иқтисодиётида пасайиш кузатилаётган бўлса, Ўзбекистонда бунинг тескариси экан: бу йилги ялпи иқтисодий маҳсулот ўсиши 0,4 - 0,8 фоизни ташкил қилибди.
 
20:57 да инглизча "no comment" (шарҳсиз) деган матн билан (нега ўзбекча эмас?) Андижонда тўртта ўн олти қаватлик турар-жой қурилишидан кўринишлар экранга берилди. Қурилиши анча ойлар давом этадиган оддий воқеанинг нимаси тезкор хабар ёки янгилик эканлигини ким тушунтириб бера олади?!
 
20:58 да ўзбек тилида қисқагина реклама берилди.
 
Соат 20:59 да шоир Абдулла Ориповнинг она тили ҳақидаги шеъри экранга келди. Айниқса, "йўқолган кунинг шубҳасиз мен ҳам тўти бўлиб қоламан" деган сўнгги сатрлар менга O'zbekiston-24 каналида эфирга узатилган сўнгги лавҳани эслатди.
 
Соат 21:00 да "Таҳлилнома" дастури бошланди. Ўзбекча бўлмаган кўрсатув номига эътирозим бор. "Нома" деган форсча сўз ёзувли матнни англатади. ТВ — газета бўлмаса, қандай қилиб "нома" бўлади?! Бошловчининг сўзларини эшитгач, "нома" мазкур вазиятга тўғри келишини англадим. Чунки, бошловчи айтганидек "дунё тан бераётган чинакам ислоҳотлар мамлакати"да таҳлилий хабар дастури матни "юқоридан" тайёрланган қолипга солиб, ёзилгани аниқ эди.
 
Бошловчи дастур бошида кўрсатувдан ўрин олган мавзуларни анонс қила бошлаганида, Тоғли Қорабоғдаги уруш ва оташкесим ҳақида нима дейилишини кута бошладим, лекин ҳафсалам пир бўлди.
 
Ҳафтанинг энг муҳим янгиликлари қуйидагилар эмиш:
 
- 5 октябрда президентимиз Шавкат Мирзиёев рақамли технологияларни ривожлантириш ҳақида қарор қабул қилди;
 
- 5 октябрда президентимиз Шавкат Мирзиёев почта хизматини яхшилаш ҳақида қарор қабул қилди;
 
- 6 октябрда президентимиз Шават Мирзиёев Корея президенти билан телефонда гаплашди;
 
- 6 октябрда президентимиз Шавкат Мирзиёев ўрмон хўжалигини ...
 
- 7 октябрда президентимиз Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефонда гаплашди (Путинни туғилган куни билан табриклаш учун телефон қилгани Ўзбекистонда давлат сири бўлса керак, бу ҳақда лом-мим дейилмади);
 
- 8 октабрда президентимиз Шавкат Мирзиёев аёллар масаласи бўйича ....
 
Шу ерга келганида тоқатим тоқ бўлди. Шартта, олган "таассуротларим" ҳақида ёза бошладим.
 
Ўтган ҳафта давомида Қирғизистонда ҳеч қаршиликка учрамаган бир тўда ҳукумат биносини босиб олгани, Қорабоғда қақшатқиш уруш бўлгани, Америка президенти Доналд Трамп коронавирус юқтириб, касалхонада ётиб чиққани ва ҳ.к.лар ўзбек халқи тафсилотларини кўрсатув бошидаёқ билиши керак бўлган хабар даражасига етолмабди.
 
Давлат тили байрами яқинлашар экан, O'zbekiston-24 каналидаги титр ва ёзувлар — етишиб чиқаётган янги авлод савод чиқарган лотин ёзувида эмас, балки катта ва кекса ёшдагиларга мўлжалланиб, кирил ёзувида эканлиги мени хафа қилди. Канал номидан бошқа ҳамма ёзувлар фақат эски алифбеда бериляпти. Бу менга бошкент — Тошкентдаги Мустақиллик майдонига ўрнатилган улкан ер шарини эслатди: унда фақат Ўзбекистон харитаси ўрин олган, холос. Лекин, ҳолва деган билан оғиз чучимайди.
 
Қисқача хулосам шу: эссиз шундай қимматбаҳо техника ресурслари, эссиз халқнинг пули! Мустақил фикрлаш ва тарафсиз журналистика йўқ ерда халқнинг сиёсий онги ривожланмай, одамлар кундузи ҳам чироқ ёқиб юрадиган шабкўрларга ўхшаб қолади.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.