Халқ банкининг пул омборидан 100 минг доллар ўғирлаган ходимларга ҳукм ўқилди

Халқ банкининг пул омборидан 100 минг доллар ўғирлаган ходимларга ҳукм ўқилди

«Халқ банки»нинг Фарғона вилоят Ёзёвон тумани филиалидан 100 минг доллар пулни талон-торож қилган банк бошқарувчиси ва икки нафар банк ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Бекзод Ҳайдаровнинг маълум қилишича, банкда филиал бошқарувчиси вазифасини бажарган Сардор Турсунов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) бош ҳисобчи Бахтиёр Туропов ва касса мудири Гўзал Алиева томонидан бир қатор жиноятлар содир этилган.

Аниқланишича, Сардор Турсунов ва Бахтиёр Туропов ўзларига бириктирилган нақд пул ва бошқа қийматликларни сақлаш омборига тегишли калит ва муҳрларни касса мудири Гўзал Алиевага топшириб қўйган. Шунингдек, йўриқнома талабларини бузиб касса мудирига китобларга ўхшатиш йўли билан имзо қўйишга рухсат берган.

Қайд этилишича, «Халқ банки» Ёзёвон тумани филиали бошқарувчиси вазифасини бажарувчи С.Турсунов, бош ҳисобчи Б.Туропов ва касса мудири Г.Алиева 2019 йил 25 январь куни банкнинг Фарғона амалиёт бўлими томонидан юборилган 300 минг долларни қабул қилиб олган.

2019 йил 25 январь кунидан 2019 йил 5 февраль кунига қадар С.Турсунов ва Б.Туропов моддий жавобгарлиги остида бўлган банк балансидаги жами 218 минг 300 доллардан 100 минг долларини растрата қилиш йўли билан, касса мудири Г.Алиева ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Улар содир этган жинояти фош бўлиб қолишига йўл қўймаслик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини чалғитиш мақсадида 2019 йил 5 февраль куни соат 20:00 да «Халқ банки» Ёзёвон филиалида 100 минг доллар камомад чиққанлиги ҳақида ИИБга хабар берган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, С.Турсуновга 5 йил 2 ой, Б.Туропов ва Г. Алиевага 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш, шунингдек, ҳар бири икки йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. «Халқ банки» Ёзёвон филиалига етказилган 100 минг доллар зарарнинг сўмдаги қиймати 862 миллион 451 минг сўмни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.