Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси депутатларсиз ўтказиб юборилди

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси депутатларсиз ўтказиб юборилди

Иллюстратив фото

Куни кеча олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Жияновнинг маълум қилишича, мутасаддилар учинчи сессия ўрнига тўртинчи сессияни ўтказиб юборишган. 

“Мен аслида учинчи сессияга бораман деб ўйлагандим, лекин ТЎРТИНЧИ сессия бўлди.
Аввалги гал иккинчи сессияда иштирок этганимиз эсимда бор, ёнимдаги депутатлардан сўрадим улар ҳам учинчи сессияга келишмагани, умуман бўлмагани ҳақида айтишди. Сессия тугаганидан сўнг учинчи чақириқ ўтказилгани ҳақида барча ҳужжатлар тўғрилаб, худди реал ўтказилганидек қилиб қўйишибди. Бугунги сессияга ҳам депутатларни чақирмай, ими-жимида ўтказиб қўявермабсизлар-да дедим.

Депутатлар иштирокида ўтказиладиган сессияда барча депутатлар иштирок этиши, мавзу юзасидан муҳокама бўлиб, ўз фикрини билдириши керак. Бизнинг уддабурон мутасаддилар бизни чақириб “овора” қилиб қўймайлик дейишганми ёки уч рақамини ташлаб, тўрт рақамига сакраб юборишганми бу савол қоронғи қолди.

Аммо яна шу ҳол такрорланмайди деб ҳеч ким кафил бўла олмайди. Ҳурматли мутасаддилар! Халқ бизни нега сайлади? Биз нима учун депутат мақомини олдиг-у, унинг ваколатларидан фойдаланяпмиз? Сизлар ким бўлибсизки, сессия ўтказилди дейилган ёлғон ҳужжат расмийлаштиргани? Англаёлмадим.

Бўлмаган, депутатлар иштирок этмаган сессияни ўтказилди дейишдан ким манфаатдор?“ — дейди депутат.