Cессияда Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Жаҳонгир Мирпўлатов жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида маҳаллий бюджет даромадлари бажарилиши, қўшимча захираларни аниқлаш, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар кесимида бюджетга ҳисобланган маблағлар ва уларнинг ижроси юзасидан ахборот берди.
Мутасаддининг маълумотларига кўра, давлат бюджети ҳамда маҳаллий бюджет даромадлари учун белгиланган 13 456 млрд.сўм прогноз ижроси 15 306 млрд.сўмга, яъни 113,7 фоизга ошириб бажарилган. Хусусан, III чорак учун кўзда тутилган 4 650 млрд. сўм прогноз ижроси 5 356 млрд. сўмга, яъни 115,2 фоизга уддаланди.
Шу билан бирга, ҚҚС бўйича ҳам барча кўрсаткичлар ортиғи билан ижро этилди. Жумладан, режа 112 фоизга бажарилиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 153 фоиз, III чорак учун белгиланган 1 613 млрд.сўм прогноз ҳақиқатда 106 фоизга бажарилиши таъминланди.
Бундай ижобий ўзгаришларга бюджетга қўшимча манбаларни жалб қилиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсадида солиқ тўлашдан қочиш хавфи юқори бўлган соҳа ва корхоналар ажратиб олиниб, улар бўйича ўтказилган камерал солиқ текширувлари ҳамда ўтказилган таҳлиллар натижасида эришилди.
Қолаверса, маҳаллий бюджет даромадлари бўйича белгиланган 4 053,9 млрд.сўм прогноз ҳақиқатда 155 фоизга бажарилиб, 2 225 млрд.сўм миқдорида маблағлар маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қолдирилди.
Сессияда депутатлар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Лола Бойназарованинг “Аёллар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботини ҳам муҳокама қилишди.
Таъкидланишича, “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичига 57 минг 042 нафар хотин-қизлар киритилган бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг 56 минг 114 нафарига, яъни қарийб 98,4 фоизига моддий ва амалий ёрдам кўрсатилди.
Хусусан, 47 млрд. 140 млн. сўм маблағ 44 минг 150 нафар хотин-қизларга энг кам ойлик иш ҳақи базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари ҳисобида моддий ёрдам сифатида берилди. 28 минг 120 нафар хотин-қизларга эса турли қўшимча ёрдам сифатида 4 млрд. 691 млн. 200 минг сўм маблағ ажратилди.
Бундан ташқари, 706 нафар хотин-қизларга сектор раҳбарлари тавсиясига асосан энг кам ойлик иш ҳақи базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида 675 млн. 600 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Умуман жами “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 52 млрд 308 млн сўм маблағ турли мақсадлар учун йўналтирилган.
Бошпанасиз, оғир шароитда яшаётган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватдаш мақсадида Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани “Бордомкўл” МФЙ да барпо этилган кўп қаватли уйлардан 29 та хонадон Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Яшнобод туман ҳокимликлари қошидаги “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан сотиб олинди, ҳозирги кунда ҳам бундай савобли ишлар давом эттирилмоқда.
Хондонлар ижтимоий уй сифатида туман ҳокимликлари балансига ўтказилади ва 5 йил муддатга “Аёллар дафтари”га киритилган бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларга ажратилиши кўзда тутилган.
Сессия тафсилотлари билан боғлиқ жараёнлар хусусида кейинги материалларимизда ҳам ҳикоя қилинади.