Халқ таълими вазирлиги: “Ўқитувчи ўқувчини бир неча бор туртган, лекин урмаган”

Халқ таълими вазирлиги: “Ўқитувчи ўқувчини бир неча бор туртган, лекин урмаган”

Халқ таълими вазирлиги Шайхонтоҳур туманидаги 141-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида чиққан низо бўйича расмий баёнот берди. Бу ҳақда ХТВ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, жорий йилнинг 18 апрель куни 141-умумий ўрта таълим мактабида жамоатчилик иштирокида Вояга етмаганлар ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани идоралараро комиссияси сайёр мажлиси ўтказилган ва мазкур иш кўриб чиқилган.

Комиссия қарорига кўра, ўқувчининг ота-онаси Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига асосан жаримага тортилди.

Мазкур моддага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таъкидланишича, ўқитувчи  мазкур вазиятдан сўнг ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. Аммо синфнинг бошқа ўқувчилари ўқитувчи ҳақида ижобий фикр билдирганлар ва ўқитувчининг аризаси инобатга олинмаган. Ўқитувчи ушбу мактабда ўз фаолиятини давом эттиради.

Аввалроқ оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Шайхонтоҳур туманидаги 141-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ўқувчисига нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлар содир этганлиги ҳақидаги видеолавҳа эълон қилинди.

ХТВнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат ўрганилганда, ўқувчи дарс жараёнига халақит бергани маълум бўлган. Ўқитувчининг танбеҳига қарамай, у баланд овозда гапириб, дарсга халақит берган.

“Ўқувчининг қўли кикбокс спорт тўгарагида лат егани сабабли гипсда бўлган. Ўқитувчи ўқувчига “Ўнг қўл билан ёзсанг бўлади-ку”, деганида, бола педагогни ҳақорат қилган. Бу гапларни кўтара олмаган ўқитувчи ўқувчини бир неча бор туртган, лекин урмаган”, - дейилади расмий баёнотда.

Хабарда ушбу жараённи шу синф ўқувчиси уяли телефонига тасвирга олиб, синфдошларига Telegram мессенжери орқали юборгани қайд этилган.

Шунингдек, 2018 йилнинг 13 январида ўқувчи мактабнинг ички тартиб қоидаларига риоя қилмаганлиги, тенгдошлари билан ўзаро келишмовчилиги ҳамда педагог ходимларга нисбатан қўпол муносабати сабабли таълим муассасаси ички рўйхатига олинган. Мактаб маъмурияти, синф раҳбари, психолог ҳамда профилактика нозири томонидан тушунтириш ҳамда профилактик ишлар олиб борилганлиги натижасида ўқувчи ижобий томонга ўзгарган. 2018 йил 17 майда мактабнинг ички назоратидан чиқарилган.

6