Халқ таълими тизимида 11 ойда 27,5 млрд сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланди

Халқ таълими тизимида 11 ойда 27,5 млрд сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тизимида 11 ойда 27,5 миллиард сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган. Бу ҳақда вазирлик ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.

Қайд этилишича, вазирлик фаолиятида жорий йил 11 ойи давомида жами 368,6 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилган. Шунга қарамасдан, йил бошидан ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 88 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 миллиард сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.

Таъкидланишича, унга кўра, Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 11,5 миллиард сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 11 миллиард сўм ҳамда ушбу вилоятнинг Гулистон шаҳрида 4 миллиард сўм миқдорда бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган. 

Жиноят аломатлари бўлган 159 та 72,9 миллиард сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.

"Хусусан, ҳозирга қадар соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан 243 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган, 151 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган", – деди Халқ таълими вазирлигининг назорат-ҳуқуқий хизмати бошлиғи Искандар Тўраев. 

Шунингдек, ўтган давр давомида вазирлик томонидан 264 минг 41 нафар ходим ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 963 нафарининг ҳуқуқи тикланган бўлса, 188 та ҳолатда бошқа давлат органлари томонидан фаолиятга ноқонуний аралашув ва текширувларнинг олди олинган.