Халқ таълими вазири: "Ўқиган аёл келгусида ишламай, уй бекаси бўлган тақдирда ҳам, фарзандларига яхшироқ таълим-тарбия бера олади"

Халқ таълими вазири:

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда аёллар таълимига ва уларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ айрим мулоҳазаларини билдирди.

"Мамлакатимиз ривожланишини истасак, жамиятимизнинг ярмисига ҳам ўқиш ва ўсишига шароитлар яратишимиз муҳим.

Халқ таълими соҳаси республикада энг кўп аёллар ишлайдиган соҳа бўлишига қарамай, айнан соҳа раҳбарлари орасида аёллар улуши етарли эмас эди. Икки йил аввал халқ таълимидаги биронта ҳам вилоят раҳбари (ҳудуднинг вазири!) аёл киши бўлмаган бўлса, ҳозир уларнинг сони 5 нафарга етди. Умуман олганда, туман бўлинмалари, мактаб директорлари ва ўринбосарларини ҳам ҳисобга олсак, соҳамизда фаолият юритаётган аёл раҳбарлар сони 15 мингдан ортди.

Албатта, бу Президентимиз томонидан таълим соҳаси раҳбарлари энди аввалгидек пахта, ободонлаштириш ва ҳ.к. каби ташкилий масалаларга эмас, балки асосан таълим сифатига масъул эканлигини аниқ белгилаб берилгани учун, бемалол аёлларни ҳам меритократия тамойиллари асосида раҳбарлик лавозимларига кўтариш мумкин бўлаяпти.

Шунингдек, ҳудудлардаги мактабларда юрганимизда, жуда кўп аълочи қизларимизнинг мактаб битирганидан кейин олий таълимга ҳатто ҳужжатини топширмаганини кўриб ҳайрон қоламиз. Сабаб сифатида эса ота-онаси ўқитмасдан узатиб юбориш ниятида бўлганлигини айтишади. Республикамизнинг Наманган, Марғилон ва Қўқон каби шаҳарларида бу қандайдир стереотипларга боғлиқ бўлса, бошқа кўпчилик ҳудудларда контракт пулини тўлашдаги қийинчиликларга боғлиқ бўлиб қоляпти. Шу сабабли, Давлатимиз Раҳбари томонидан аввалги йилдан буён ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларимизга қўшимча грантлар ажратиш ташаббуси бошланган эди, бу йилга қизлар учун ҳар бир олий таълим муассасасига ва ҳокимиятга яна қўшимча равишда грант ажратиш бўйича вазифа юкланди.

Яхши ўқиб, билим олган аёл келгусида ишламай, уй бекаси бўлган тақдирда ҳам, фарзандларига яхшироқ таълим-тарбия бера олади. Айниқса, ҳозирги АКТ ривожланиши даврида уйдан туриб дастурлаш, дизайнерлик, онлайн репетиторлик, китоб ёзиш, SMM каби қатор қўшимча даромад топиш имкониятлари кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса, келгусида қизларимиз ҳаётида ўз ўрнини топишига, ҳамда ҳар қандай ҳолатда ҳам қийинчилик ва тушкунликка тушиб қолмасликларига ёрдам беради. Аслида эса, оилавий зўравонликка чидаб юрилишининг асосий сабабларидан бири ҳам қизларимизнинг ўқимагани ёки ҳеч қандай ҳунарга эга бўлмаганлигидан...

Келгусида қизларимизни бахтли бўлишини хоҳласак, уларни ўқишига албатта имконият яратишга ҳаракат қилишимиз зарур. Юқорида санаб ўтилган касб ва кўникмаларнинг аксарияти учун олий таълимни зарурати ҳам йўқ. Уларнинг кўпчилигини интернет орқали бепул ўрганиш имкониятлари мавжуд.

Байрамингиз муборак бўлсин!" - дея, аёлларни табриклади вазир.