Халқ таълимидаги ислоҳотларни тизимни маҳаллий хокимлардан озод қилишдан бошлаш керак

Халқ таълимидаги ислоҳотларни тизимни маҳаллий хокимлардан озод қилишдан бошлаш керак

Каналимга бир суҳбатни юборишди ва бу суҳбат фавқулодда муаммолар-у, уларнинг ечимлари занжирига мени етаклади.

Хуллас бир йигитни ўта ташкилотчи, ҳалол ва билимли бўлганидан азбаройи уни ҳавас қилиб ўша ҳудуддаги таълим билан иши йўқ, фақат мактабни томорқасию, деворларини ўқитувчиларнинг ўзига ёки пул йиғдириб тузаттириб юрувчи директор ўрнига мактаб директори қилишни сўраб ўша туман Халқ таълими бўлимида ишловчи бир масъулга айтиб кўришади.

Масъул ҳам у йигитни яхши танишини, директор қилса албатта зўр ўзгаришлар қилишини айтадию, лекин, бизни хоким кўнмаса керак уни директор бўлишига, дейди(!) (Мен шокка тушиб бўлдим шу хабардан)

Нимага, директорларни ҳам хоким тайинлайдими, деб савол беришади албатта. Биласизми, дея тушунтиришади уларга, одатда туман Халқ таълими бўлими мудирини тайинлашда туман хокими кўрсатган 3 та номзод ичидан тайинлайди.

Халқ таълими вазирлиги, номзодлардан биттаси қўйилиши эҳтимоли катта бўлади, қолганлари атай рақобат қила олмайдиган иккита номзод танлаб суҳбатга юборилади. Қарабсизки, табиийки ўша иккаласи «йиқилади», асосий номзод ўтади. Кўриб турибсизки, хоким ўзи истаган номзодни мудир қилиб қўяди одатда.

Табиийки бундан ўша раҳбар ҳам миннатдор бўлади ва хокимнинг чизган чизиғидан чиқмайди. Хаттоки директорларни ҳам у истаган одамни қўяди, истамаганини олиб ташлайди...

Муаммонинг илдизини кўряпсизми?

1) Энг аввало Халқ таълими вазирлиги ўзи истаган одамни мудир қилиб қўя олмайдиган даражада қўл оёғи боғланган экан. Тавба, вазирлик, «министрество» деб гапирамизу, лекин бу орган ҳатто ўзи муносиб деб билган номзодини ўзининг қуйи бўғинига раҳбар қилиб қўёлмаса, жуда ожиз ташкилот эканку бу бечоралар?!

2) Бирор туманга хоким бува марҳамати билан бир киши шундай тайинлангандан кейин у ўз раҳбари сифатида вазирликни эмас, идораси шу яқинда жойлашган халоскори - хокимни кўради. Унинг чизиб берган чизиғидан зарра қадар оғишмайди, айтган Эшмати директор, деган Қулпинисоси завуч...

3) Президент қарори билан жойлардаги хокимлар мактабларнинг техник таъминотига, моддий техник базасию ремонтига жавобгар этиб белгилаган. Хўш шундан кейин қайси ўзи томонидан қўйилган ХТБ мудири хоким олдига йил охирида кириб, ҳамма мактабларимни янги ўқув йилига ремонт қилиб беришга пул ажратиб беринг, дея қонунан талаб қила олади ёки қайси бир директор тўғри хокимга кириб мени мактабим холи анча расво, ота оналар томонидан ҳам пул йиғиб ҳам эплолмаяпман, бизга ёрдам қилинг дея талаб қила олади, ахир ўзини кечагини хоким ўша мудирга айтиб қўйдирган бўлса керак?

Ундан кўра жимгина ота-оналарга солиқ солдириб қўяқолади мудир. Ҳаа айтганча яна бир кишилар ҳам борку: ўқитувчилар! Шу жойдан ойлик оляпсан, рўзғор тебратяпсан, ановиндай-манавиндей... Масала ҳал!

Таълимга алоқаси йўқ одам тавсия этган номзодлар ҳам албатта таълимни ўзичалик билади, асосийси «раҳбарлик маҳорати» бўлса бўлди. Бизда кўпчилик тушунган «раҳбарлик маҳорати» бу мактабларда нима қилинса таълим сифати ошади, дея изланиб экспериментлар қилиш эмас, бу шунчаки қовоқни уйиб бақир-чақир қилиб мажлисда дўқлар қилиб ҳаммани ишлатиш тушунилади, ундан бошқасига ўрганмаган.

Кўряпсизми биргина «тавсиянома» асосида тайинлашнинг келтириб чиқарувчи салбий оқибатларию, коррупцион схемаларга йўл очишини?

Мен кўп ўйладим, нега хоким номзод кўрсатиши керак, бирор ўқитувчини педагогик маҳорати қандайлигини билмай туриб, бутун туман ўқитувчиларини етаклаб, сифатли билим беришга эриша олишини таълимдан узоқ бўлган одам қаердан тушуниши мумкин, қаерда қайси қонунда ёзилган бу?

Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги 1993 йил 3 сентябрдаги Қонунида ҳокимларнинг ваколатлари кўрсатилган. Ўша қонун бандларида ҳеч бирида туман ХТБ раҳбарига номзод кўрсатиш ваколати мутлақо йўқ!

Тушунмадим, қонунда йўқ нарса бизда ҳеч бир инъикосиз йиллар давомида қўлланилиб келинмоқда!

Мен шу нарсани янада Олий Мажлис доирасигача олиб чиқишга қарор қилдим. Яъни Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталига туман ХТБ мудирларини тайинлашда маҳаллий хоким кўрсатган номзодлар орасидан тайинламасдан тўғридан тўғри вазирлик ўзи тайинлашини таклиф қилиб мурожаат йўлладим.

Ушбу мурожаатим экспертиза жараёнига ўтди, 15 кун ичида экспертлар хулосасидан ўтиб овоз йиғиш жараёнига ўтади.

Бу билан таълим тизимини мустақиллигини таъминлаб, жойлардаги таълим ислоҳотларини тушунган ва торта оладиган, хокимга қуллуқ қилиб умр ўтказмайдиган билимли кадрларни раҳбарлик лавозимига тайинлай олсаккина таълимдаги ислоҳотлардан бирор натижа беришини кутсак бўлади, акс холда минг марта ТВга чиқиб оғиз ислоҳот-экспериментлар деб жар солганимиздан заррача фойда бўлмайди, кадрларимиз замири шу бўлса.

Кутамиз, ишқилиб экспертларимиз ичида мана шу муаммони ҳис қилган, таълимни ривожини ўйлайдиганлар бўлсин, ахир таълим тизими барчаники-ку!?

Исроил ТИЛЛАБОЕВ
Блогер ва ўқитувчи

 

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.