Халқаро дзюдо федерацияси Ўзбекистон мактабларига татами ва кимонолар беради

Халқаро дзюдо федерацияси Ўзбекистон мактабларига татами ва кимонолар беради

Халқаро дзюдо федерацияси (IJF)нинг «Мактабларда дзюдо» дастури доирасида Ўзбекистондаги йигирмата умумтаълим мактабига татами ва кимонолар тақдим этилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

«Мактабларда дзюдо» IJF лойиҳаси бўлиб, дастурнинг асосий мақсади 5-12 ёшли болаларни дзюдо орқали ижтимоий, таълимий ва жисмоний кўникмаларга ўргатишдан иборат.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси мамлакатимизнинг йигирмата умумтаълим мактабида «Мактабларда дзюдо» дастурини амалга оширишга келишиб олди.

Ҳозирги кунга қадар, «Мактабларда дзюдо» дастури мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган 20 та мактабни қамраб олган эди.

Жорий йилнинг 15 январида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, IJF президенти Мариус Визер, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев «Мактабларда дзюдо» дастури бўйича ҳамкорлик битимини имзолади.

Мазкур битимга асосан «Мактабларда дзюдо» дастурига яна 20 та мактабни жалб этиш ва уларнинг сонини 40 тага етказишни кўзда тутилган.

Келишув доирасида IJF Ўзбекистонга ҳар бир мактаб учун биттадан татами ва болалар учун 50 та кимоно тақдим этди. Яқин кунлар ичида татами ва кимонолар дастур доирасидаги мактабларга етказиб берилади.