Сўхликлар бош вазир олдида Ғаниевни ҳокимликдан кетишини талаб қилди (видео)

Сўхликлар бош вазир олдида Ғаниевни ҳокимликдан кетишини талаб қилди (видео)

Аввал хабар қилганимиздек, кеча 1 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов Фарғона вилояти Сўх туманида аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди.

Абдулла Арипов Сўхда нима ишлар билан шуғулланди? (фото)

Жамоатчилик фаоллари Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга ўтишда юзага келадиган қийинчиликлардан шикоят қилган учрашув видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

ДХХ Сўхдаги зиддият ҳақида хабар берди

Хусусан, сўзга чиққанлардан бири фарзанди ўз вақтида қўшни мамлакат вакилларининг таҳдидидан сўнг реанимацияга тушгани, бошқаларнинг болаларини қамаб қўяётганини, хавфсиз коридорсиз Ўзбекистонга ўтиш имконсиз бўлиб қолганини, баён қилиб: «Илтимос, мана шунча халққа раҳмингиз келсин», деб бош вазирга мурожаат қилган.

Бунга жавобан бош вазир Абдулла Арипов: «Ҳожи ака, бундан кейин бундай бўлмайди», — дея Фарғона вилояти ҳоким Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилмоқчи бўлган. Шунда учрашувга келган сўхликлар бақир-чақир билан кескин норозилик билдирган.

Шундан сўнг бош вазир аҳолини тинчлантиришга уринган, маҳаллий фаоллардан бири эса йиғилганларга тожик тилида мурожаат қилиб, тартибни сақлашга чақирган.

Учрашувда яна бир сўхлик фаол вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг фаолиятидан норозилик билдирган.

Бош вазир билан учрашувда сўзга чиққан маҳаллий фаол: «Халқ Ғаниев керак эмас, деяпти», — деганидан сўнг, учрашувга келган бошқа кўплаб одамлар ҳайқириқлар билан унинг бу сўзларни олқишлаган. Шундан сўнг нутқ сўзлаётган фаол бундай талаб сабабини изоҳлаган.

«Нима учун, биласизми? Халқ Ғаниевни ҳурмат қиларди. Ғаниев мана бу ерга келиб, керак бўлса Сўхни харитадан ўчиртириб ташлайманʼ, дебди... Тожикистон билан Қирғизистонга бераман, дебди», — деган маҳаллий фаол. Унинг бу сўзларини аҳоли вакиллари қўллаб-қувватлаган.

Ушбу видеоёзув билан бир вақтда ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Ғаниев иштирокидаги йиғилиш аудиоёзуви ҳам тарқалган (йиғилиш айнан қачон, қаерда, нима сабабдан ўтказилгани маълум эмас). Унда Фарғона вилояти ҳокими «Сўхликлар ношукр халқ» деган мақола газеталарга чиқишга, телевидениеда беришга тайёр турганини айтиб, Ленбур қишлоғи аҳолиси «шундай қилаверса» уни Сўх харитасидан ўчиртириб юборишини таъкидлаган.

МАВЗУГА ДОИР: Сўх туманидаги вазият борасида (тахлил)

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳоли ўртасида Қирғизистон ҳудудида жойлашган, сувидан Ўзбекистон ҳам фойдаланадиган «Чашма» булоғи устида баҳс чиқиб, катта можарога айланиб кетган. Сўх тумани ҳокимлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик тан жароҳати олган, Ўзбекистон ҳудудидаги учта хонадонда ёнғин чиққан.

Ушбу ҳолат юзасидан 1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасида қўшни мамлакат ҳукумати раҳбари билан учрашди. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Сўронбай Жеэнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқот чоғида бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун чоралар қабул қилиш муҳимлиги таъкидланган.