Буюк Британиянинг Иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази макроиқтисодий прогнозига кўра, Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодиёти – АҚШни ортда қолдириши ва ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича 2036 йилдан олдин биринчи ўринга чиқиши мумкин.
Шу билан бирга, ўтган йили CEBR таҳлилчилари Хитой иқтисодиёти 2030 йилда Америка иқтисодиётини ортда қолдириши мумкинлигини кутишган эди, аммо Хитойнинг блокировкалари ва Ғарб давлатлари билан "савдо уруши" оқибатлари бу даврни яна олти йилга орқага сурди. Бундан ташқари, агар Пекин Тайван оролини эгаллаб олишга ҳаракат қилса, бу жиддий савдо санкцияларига олиб келади, мос равишда Хитой иқтисодиётининг дунёда биринчи бўлиш вақти яна ўзгариши мумкин.
"Хитой ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий урушнинг оқибатлари биз Россия ва Украина ўртасида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин кўрганимиздан анча жиддийроқ бўлади. Деярли жуда кескин глобал рецессия ва инфляциянинг қайта тикланиши бўлади. Аммо Хитойга етказилган зарар бир неча баравар кўп бўлади ва бу иқтисодиётда жаҳон етакчилиги йўналишига путур етказиши мумкин", деб башорат қилмоқда CEBR экспертлари.
Таҳлилчилар шунингдек, 2023 йилда сайёрамиз иқтисодиёти ўсиб бораётган инфляцияни ушлаб туришга ҳаракат қилаётган турли мамлакатлар марказий банклари томонидан асосий ставкаларни ошириш туфайли глобал рецессияга дуч келишини тахмин қилмоқда. "Инфляцияга қарши курашда ҳали ғалаба қозонилгани йўқ. Инфляцияни қулайроқ даражага тушириш баҳоси келгуси бир неча йил учун энг ёмон ўсиш истиқболларидир", деди CEBR.
Шунга қарамай, 2037 йилга бориб таҳлилчилар жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳозирги даражасини икки баравар оширишни кутмоқда, ривожланаётган иқтисодлар эса энг кўп ўсади. Натижада, кейинги ўн йилликнинг ўрталарига келиб, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари жаҳон ишлаб чиқаришининг учдан бир қисмигача, Европанинг улуши эса 20 фоиздан камроқгача қисқаради.
Мутахассислар, шунингдек, 2032 йилга бориб Ҳиндистон дунёдаги учинчи йирик иқтисодиётга айланишини башорат қилмоқда. Табиий ресурсларга бой ривожланаётган мамлакатлар қазиб олинадиган ёқилғиларга бўлган юқори талаб туфайли иқтисодий ўсишга сезиларли туртки беради.
Шу билан бирга, Буюк Британия 2037 йилга келиб дунёдаги олтинчи йирик иқтисодиётни сақлаб қолиши кутилмоқда, бироқ мамлакатнинг ривожланиши "ўсишга йўналтирилган сиёсатнинг йўқлиги ва унинг Европа Иттифоқидан ташқаридаги роли ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмагани туфайли секинлашади".
Аввалроқ Жаҳон банки раҳбарлари Девид Малпасс ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Кристаллина Георгиева жаҳон иқтисодиётининг келажаги бўйича ўз башоратлари бўйича келишиб, уни 2023 йилда таназзул кутаётганини айтган эди. Бунинг сабаблари, биринчи навбатда, энергия ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиши бўлади.