Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хитой: дунёни ўзгартиришнинг саккиз усули
1.04.2016 18:53,  
97

Ҳар йили айнан саккизинчи ноябрда Умумхитой съезди очилади ва мамлакат раҳбарияти муҳим қарорларни қабул қилади.

Гигант иқтисодиёт

Бундан қарийб 40 йил муқаддам Дэн Сяопин асос солган иқтисодий тараққиёт моделининг меваларини бугун ҳамма кўриб турибди. Мутахассисларнинг айтишича, Хитой иқтисодиёти дунёда иккинчи ўринда, 2022 йилга бориб эса биринчиликни қўлдан бермай келаётган АҚШ иқтисодиётини ҳам ортда қолдиради. Хитойда миллионерлар сони миллиондан ошган.

Хитой дунёдаги бизнес муносабатларни ўзгартира олди. Бу ердаги арзон ишчи кучи Ғарбда шиппаклардан тортиб мобил телефонларган бўлган турли маҳсулотларнинг нархи арзонлашишига сабаб бўлди. Хитой Африкада энг йирик инвесторга айланди, Пекин Европа ёки Американи эмас, айнан “қора қитъа”ни ўзининг асосий ҳамкори ҳисоблайди.

Хитой маҳсулотларини бугун дунёнинг ҳамма жойида кўриш мумкин, XXI асрга келиб у чиндан ҳам “дунё фабрикаси”га айлана олди. Жаҳондаги фотоаппаратларнинг 50 фоизи, кондиционерларнинг 30 фоизи, кир ювиш машиналарининг 25 фоизи ва совитгичларнинг қарийб 20 фоизи айнан Хитойда ишлаб чиқарилар экан.

Хитой тараққиётида эркин иқтисодий зоналарнинг аҳамияти катта бўлгани таъкидланади. Ҳозир бу ерда тўртта махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатмоқда – Шэньчжэнь, Чжухай, Шаньтоу ва Сямэнь. Бундан ташқари, 14 та эркин савдо зонаси, 53 та юқори ва янги технологиялар зонаси, хорижда таҳсил олган мутахассисларга мўлжалланган 70 дан ортиқ илмий-техник зоналар, экспортга мўлжалланган маҳсулотларни қайта ишлайдиган 38 та зона бор.

Атроф-муҳитни асраш муаммоси

Хитой иқтисодиётининг гуркираб ўсиши атроф-муҳит масаласининг кескинлашишига олиб келди.

Тез суръатлардаги саноатлашув ва қурилишнинг оқибати шу бўлдики, Хитой 2007 йилда “иссиқхона газлари” чиқариш ҳажми бўйича АҚШдан ўзиб кетди. Дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида Хитойнинг еттита шаҳри ҳам бор. Экологиянинг ёмонлашиши туфайли ҳар йили мазкур мамлакатда 500 мингдан 750 минггача киши бевақт ўлим топмоқда.

Албатта, ҳукумат экология масалаларини тартибга солишни истайди, аммо муаммо миқёси жуда катта. 

Хитойда электр энергиясининг 70 фоизи кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатнинг энергетика эҳтиёжлари тобора ортиб бормоқда, демак, карбонат ангидрид газ чиқиши ҳам ортиб бораверади.

Хитойчани ўрганинг

Қадимги Хитой маданияти Ғарбни аввалдан қизиқтириб келган. Бугун, Хитой дунё иқтисодий етакчиси мақомига эришган пайтда ушбу мамлакатнинг маданияти ва тилига бўлган қизиқиш кескин ортди.

Европа ва АКШ мактабларида хитой тили ўргатилмоқда, Хитой ҳукумати дунёнинг кўпгина мамлакатларида хитойчани ўргатадиган Конфуций институтларини очишга кўмаклашмоқда.

Бугун дунёда 1 миллиарддан зиёд киши хитойчада сўзлашади. Бу тилни ўзлаштирувчилар сони айниқса Осиёда ортиб бораётгани кузатилмоқда. Шу ўринда бир савол туғилади: хитойча инглиз тилининг глобал рақибига айланаши мумкинми?

Кўпгина мутахассислар хитой тили фонетикасининг мураккаблиги ва иероглифлар сонининг кўплигини эътиборга олган ҳолда бундай бўлишига шубҳа билан қарашади.

Тинчлик ҳамма нарсадан устун

Хитой иқтисодий кучидан ҳарбий қудратини ошириш йўлида фойдаланмаслигини айтиб келса-да, унинг қўшнилари тамомила хотиржам бўла олмайди. Чунки Хитойнинг Япония, Филиппин ва Вьетнам билан чегара баҳслари ҳали ҳам давом этмоқда.

Хитой дунёдаги энг катта – уч миллион ҳарбийдан иборат армияга эга. Мамлакатнинг ҳарбий бюджети ортиб бормоқда.

“Ҳар бир давлат ўзини ҳимоялаш ҳуқуқига эга, лекин бу тажовузкор бўлишимиз кераклигини англатмайди. Акс ҳолда биз дўстларимизни ўзимиздан совитган бўламиз”, – деган эди Хитойнинг Франциядаги собиқ элчиси У Цзяньминь.

Ой сари йўл

Яқин-яқингача кўпчилик Хитойнинг “коинот ишғолчиси”га айланишига ишонмас эди. Бироқ Пекин коинотда ҳам етакчиликни қўлга киритишга жиддий аҳд қилган.

2007 йил октябрида Хитой “Чанъэ-1” – Ойнинг сунъий йўлдошини учирди. Шу тариқа у собиқ Совет Иттифоқи ва АҚШдан кейин ойни мустақил тадқиқ этишга киришган учинчи давлат бўлди.

Кейин “Чанъэ-2” учирилди. Ўтган йилнинг декабрида “Чанъэ-3” станцияси Ой сатҳига қўнди.

Хитой 2020 йилда Ойга одам жўнатиш, 2050 йилда эса у ерда база қуриш ниятида. Хуллас, яқин келажакда Ойда Хитой байроғини кўрсангиз, ажабланиб юрманг.

Очкўз истеъмолчилар

Иқтисодий ислоҳотлар хитойликларни ночорликдан қутқариш билан бирга уларнинг орасида очкўз истеъмолчилар пайдо бўлишига ҳам олиб келди.

Хитойлик бойлар кўпинча браконьерликнинг авж олишида айбланади. Айнан улар афродизиаклар, тансиқ таомлар ва ноёб ҳайвонлар суягидан ясалган безакларга бир дунё пул тўлашга тайёр.

Ҳар йили минглаб Африка филлари хитойлик ўймакорлар учун ўлдирилади. Хитой ҳукумати эса ноқонуний фил суяги савдосини назорат қилишга қийналади.

Шу билан бирга, Хитойда оддий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Масалан, дунёда етиштирилган соянинг 60 фоизини Хитой сотиб олади, бу эса ўз навбатида нархнинг ўсишига сабаб бўлмоқда.

Бир марта кўрган маъқул

Хитойда яқин йилларгача хориж паспортини расмийлаштириш учун олти ой вақт керак бўларди ва кўпинча бундай паспорт давлат амалдорларига насиб этарди.

Энди эса бу ишни бир неча кун ичида ҳал этса бўлади. Давлатнинг очиқлик сиёсатидан фойдаланган миллионлаб хитойликлар сайёҳ ёки талаба сифатида чет ўлкаларга йўл олишмоқда.

1995 йилда 4,5 миллион хитойлик хорижга чиққан бўлса, 2011 йилда бу рақам 11 миллионни ташкил этди. Хитойлик сайёҳлар ҳордиқ учун пулни аяшмайди, улар саёҳатга пул сарфлаш бобида америкаликлар ва немислардан кейинги ўринда туришади.

Хитойликларнинг кўпчилиги ўз минтақаси – Гонконг, Макао ва Тайландга саёҳат қилишни маъқул кўради. Лекин АҚШ ва Европа йўналишлари ҳам оммалашмоқда.

Ҳар йили 300 мингга яқин хитойлик талаба таҳсил олиш учун хорижга кетади. Улар орасида айниқса Америка ва Австралия университетларининг обрўси баланд. Ёшлар хориж дипломи билан Хитойда осонроқ иш топишга умид қилишади.

Сайёрани сотиб оламиз

Хитойликларнинг қўлида нақд пул кўп ва бу дунё иқтисодиёти учун жуда муҳим.

Ҳашамдор буюмларга талабнинг ортиш европалик ишлаб чиқарувчилар учун айни муддао бўлди: энди хитойликларнинг қўлида машҳур брендлар  – Louis Vuitton ва Hermes сумкаларини кўриш мумкин. Хитойликларнинг шарофати билан қиммат шаробларнинг сотуви ҳам ўсди.

Айни пайтда Хитой санъати ҳам харидоргир. Айтайлик, 2011 йили дунёда сотилган энг қиммат ўнта картинанинг учтаси хитойлик мусаввирлар мўйқаламига мансуб эди. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан