Хитой конида одамлар камида икки ҳафта қамалда қолишлари мумкин

Хитой конида одамлар камида икки ҳафта қамалда қолишлари мумкин

ХХР Шандун вилоятидаги Хушен олтин конига кириш йўлаги портлаш туфайли ёпилиб қолган, ишчилар ичкарида қолиб кетган. Кончиларни чиқаришга 14 кундан кўпроқ вақт кетиши мумкинлиги тахмин этиляпти. Бу ҳақда махсус қутқарув гуруҳи баёнот берган.

Хабарларга кўра, портлаш содир бўлгандан бир ҳафта ўтгач, ниҳоят тирик қолган 11 ишчи билан алоқа ўрнатилди. Ҳозирча воқеа жойида бир киши ҳалок бўлгани маълум, яна ўндан ортиқ кончининг тақдири ноаниқ.

Эътиборли жиҳати, фавқулодда хизмат ходимлари қутқарув иши тўлиқ якунлангунга қадар қамалиб қолганларга озиқ-овқат етказиб бериш мақсадида кичик-кичик тешиклар қазишган.

Расмийлар таъкидлашича, ҳануз кириш қисмида юз берган портлаш сабаби аниқлангани йўқ.
Алоқага чиққан кончилар ўзларидан, тахминан, 100 метр пастроқдаги яна бир ишчи билан боғланишгани, кейин алоқа узилиб қолганини айтишди.

Айни пайтда одамларни ҳодиса жойидан олиб чиқиш мақсадида тор туйнукни катталаштиришга ҳаракат қилинмоқда. Қутқарув гуруҳи иши жуда қийин кечяпти, чунки бурғилашда қаттиқ гранитдан ўтиб олиш керак бўлади.Бундан ташқари, махсус хизматчилар яна бир муаммога дуч келиши хавфи бор: кончилар қамалиб қолган ер ости бўшлиғини тез орада сув босиши мумкин.Омон қолганлар арқонга боғлаб чиқарилаётган қоғозда ёзув орқали конда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида маълумот етказиб туришибди.

Қайд этиб ўтиш керак, Хитойда саноат хавфсизлиги муаммоси билан боғлиқ тоғ-кон ҳодисалари тез-тез учраб туради.