Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хитой ва Ҳиндистон АҚШни ортда қолдирадими?
2.04.2016 20:14,  
13

2020 йилга бориб дунё бўйича илм-фан ютуқлари ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 20 фоизи Хитойга тегишли бўлади, Осиё минтақасида эса яна каттароқ кўрсаткичга эришади – 45 фоиз. Хитой ва Ҳиндистонда илм-фан ривожига сарфланаётган катта-катта маблағлар мазкур мамлакатларда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми тезкор суръатлар билан ўсади деган хулосага сабаб бўлмоқда. 2020 йилда Хитой илмий-тадқиқот ишлари учун энг кўп пул сарфлаши кутилмоқда – йилига 370 миллиард доллар. Ушбу маълумотлар Европа бизнесни бошқариш институти томонидан тайёрланган Глобал инновациялар индексида келтириб ўтилган.

Хитой ривожланиш суръати бўйича 144 давлат орасида саккизинчи ўринда бормоқда. Прогнозларга кўра, 2020 йилда Хитойга тўғридан-тўғри жалб этилган хориж инвестициялари миқдори 900 миллиард долларга етади. Бунда асосий ролни хитой диаспоралари ўйнаши кутилмоқда. Бу диаспора 30 миллион кишидан иборат бўлиб, уларнинг умумий активлари 4 триллион долларга тенг. The Economist нашрининг ёзишича, ҳозир Хитойда ойига 1000 доллардан ортиқ пул топадиган ва 100-110 минг долларлик бойликка эга 65-80 миллион атрофида аҳоли бор, автомобиллар бозори 80 фоизга ўсмоқда, турар жой бозори эса янада шиддатлироқ ривожланяпти.

Экспертлар Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий истиқболига катта баҳо беришмоқда – мазкур мамлакат АҚШ рақобатчиларидан бирига айланиши мумкин. АҚШ разведкачилари томонидан тайёрланган «Global Trends-2020» номли ҳисоботда қайд этилишича, 2020 йилга бориб Хитой нафақат ЯИМ бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқади, балки технологик етакчига ҳам айланади. Ҳисоботда Европа ва Хитой ўртасидаги алоқалар қалинлашиб кетиши истисно қилинмаган. Шуниси аёнки, хориж инвестицияларисиз Хитойнинг катта ютуқларга эришиши мушкул бўларди: бу борада у АҚШни сиқиб чиқариб, дунёда биринчиликни эгаллади.  

«Хитой шиддат билан ривожланаётган икки гигант – Ҳиндистон ва Бразилия билан биргаликда глобал ишчи кучи ҳажмини икки бараварга оширди, инфляцияни ушлаб туришга ёрдам берди, – дейди Гарвард университети иқтисодчиси Ричард Фримен. – Бундан ташқари, ишчи кучи, капитал, товарлар ва кўчмас мулкка нисбатан баҳони ўзгартириб юборди, бу билан дунёдаги ишлаб чиқариш жараёнига катта таъсир кўрсатди».

Шунингдек, 2020 йилга бориб юань жаҳон валютасига айланиши кутилмоқда. Бу пайтда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитойнинг умумий ЯИМи Катта саккизлик мамлакатларининг умумий ЯИМидан ўсиб кетади.    

Microsoft асосчиси Билл Гейтс Ҳиндистон ва Хитойнинг келажаги ҳақида гапирар экан, унинг компанияси дунё бозорида тадқиқотлар ва янги маҳсулотлар яратишга жиддий ёндашишини айтиб ўтди. «Биз ҳозир ҳар доимгидан кучлироқмиз, чунки Кембриж, Хитой ва Ҳиндистонда лабораторияларимиз бор, компьютер илми олдида турган энг асосий муаммолар айнан ўша ерларда ҳал қилинади, – деди у. – Шунинг баробарида, айтайлик, Ҳиндистонда дастурий таъминот мутахассиси АҚШдаги ҳамкасбидан олти карра камроқ ҳақ олади».

Иқтисодий истиқболи ҳақида хуш хабарлар айтилаётган ва аҳолиси миллиарддан ошиб кетган Хитой ҳамда Ҳиндистон биринчи навбатда ижтимоий соҳада муаммоларга дуч келиши айтилмоқда. Аҳолининг қашшоқ қатламини қутқариш ва касалликларга қарши курашиш муаммолигича қолмоқда. Иккинчи АҚШга айланиш учун Ҳиндистонда кўп нарса етмаслиги равшан. Хитойда эса минтақалар, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги фарқ аниқ билинади. Хитой статистикасига кўра, мамлакатдаги жами даромадларнинг 50 фоизи аҳолининг нисбатан бойроқ 20 фоизлик қатламига тегишли, қашшоқлар (20%) эса атиги 4,7 фоизлик даромад билан кифояланишга мажбур. Муаммолардан яна бири иқтисодиётда энергиянинг кўп сарфланишидир: 1 доллар ЯИМ учун АҚШдагига нисбатан 4,3 баравар кўпроқ энергетика захиралари ишлатилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШнинг мунтазам инвестицияларисиз на Ҳиндистон ва на Хитойнинг ривожланишни давом эттириши мушкул бўлади.

Хуллас, булар истиқболга оид фикрлар ва тахминлар. 2020 йилга эса кўп қолмади, демак, мазкур прогнозларнинг қанчалар ҳаққонийлигини яқин орада билиб оламиз. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан