5000 одамга етадиган Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинди. Вазир режадаги ишлар ҳақида маълумот берди

5000 одамга етадиган Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинди. Вазир режадаги ишлар ҳақида маълумот берди

«Бугун коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи фаза синовларини ўтказиш бўйича хитойлик ҳамкорларимиз Ўзбекистонга ташриф буюришди. Бу аввало, барча жараёнларни режалаштиришдир. Ҳамкорлар билан вакцина синовлари ўтказиладиган оилавий поликлиникалар билан танишиш ва синов тузилмасини ишлаб чиқиш масаласида гаплашиб олдик.

4 киши кеча келган бўлса, яна 5 нафар хитойлик мутахассислар келишини кутяпмиз. Улар 4 ой давомида синовларни ўтказиш жараёнида биз билан бирга иш олиб боришади. Вакциналар синовини қандай ўтказиш кераклиги, тартиб қанақа бўлиши ва уларнинг кузатуви қай тарзда олиб борилиши бўйича биринчи галда шифокорларимиз билан тренинглар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Иккинчидан, умумий жараённи мувофиқлаштириш бўйича ишларни йўлга қўямиз.

Хитой компанияси томонидан жўнатилган вакиллар синовлар асосан қайси поликлиникаларда ўтказилиши бўйича саволлар беришди.

Иккита марказимиз бор: Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институти. Уларнинг раҳбарияти ҳам учрашувда иштирок этишди. Саволларга жавоб бердик.

Хитойликлар биринчи галда синов ўтказиладиган оилавий поликлиникалар ва улардаги шарт-шароитлар билан қизиқишди.

Иккинчиси, ҳамкорларимиз ҳар бир оилавий поликлиникадан ўнтадан шифокор ва ҳамширалар танлаб олиб улар билан суҳбат ўтказишмоқчи.

Кейинги ҳафтадан шифокорларимизга тренинглар ўтказилади», деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.

Маълум қилинишича, душанба кунидан бошлаб ҳамкорлар билан бирга иккита марказ раҳбарияти ўша оилавий поликлиникаларга боришади.

Бу жараёнда шифокорлар учун танлов ўказилади, улар билан суҳбатлашилади. Кейин ўқув-тренинглар ташкил этилади.

«Сўнгра халқимиз учун ижтимоий роликлар тайёрлаймиз. Танланган поликлиникаларнинг манзили, улар билан боғланиш учун контактларни берамиз. Мурожаат қилган кўнгиллилар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга тушунтириш ишлари олиб борилади.

Режада 5000 одам кутяпмиз. Шунча инсонга етадиган вакцина ҳозир Хитойдан Тошкентга олиб келинган. Вакциналар махсус шароитларда сақланяпти. Кўнгиллилар жамоасини шакллантириб олганимиздан кейин ҳар бир оилавий поликлиникада имкониятдан келиб чиқиб маълум сондаги кўнгиллилар бўйича синов ишлари амалга оширилади.

Яна бир савол туғиляпти – синовлар вилоятларда ҳам ўтказилиши ҳақида. Йўқ. Бу ҳозир тадқиқот бўлгани учун фақат Тошкент шаҳрида ўтказамиз. Бунинг ўзига яраша қулайликлари бўлиши керак. Мониторинг жараёнини самарали ташкил қила олишимиз жуда муҳим ҳисобланади.

Хитойлик ҳамкорларимиз билан суҳбатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институти мутахассислари ҳам иштирок этишди. Бу жараённи ўтказадиган асосий инсонлар шифокорларимиз бўлади. Инновацион ривожланиш вазирлиги бу жараённи мувофиқлаштирувчи, амалий жиҳатдан ишни ташкил қилишда ёрдамчи ва мониторинг тўғри олиб борилаётганини кузатувчи сифатида иштирок этади», деди вазир.

  • Аввалроқ, Хитой Фанлар академияси Микробиология институти томонидан тайёрланган вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ҳам ўтказилиши хабар қилинганди.