Ушбу сулоланинг қачон ҳукмронлик қилгани аниқ маълум эмас, бироқ тахминларга кўра, улар милоддан аввалги 1766 йилда ҳокимиятга келган ва 650-700 йил давомида давлатни бошқарган. Тарихий манбаларга қараганда, ўша пайтларда айниқса ҳарбий амалдорлар коррупцияга муккасидан кетган бўлган.
Чжоу сулоласи даврида (милоддан аввалги 1046-256 йиллар) амалдорлар зўравонлик билан деҳқонларнинг ерларини тортиб олиб қўйишган ёки уларнинг бўйнига каттагина қарзларни илиб қўйишган. Оқибатда деҳқонлар уларнинг қулига айланиб қолган ва қарзни узолмай амалдорнинг фойдасига ишлашига тўғри келган.
Миссури университети (АҚШ) тадқиқотчилари Шон Ни ва Фам Хоанг Ваннинг айтишича, қадимги Хитойда амалдорлар маошининг камлиги порахўрликнинг ривожланишига туртки берган омиллардан биридир. Бу ҳолат айниқса Мин (1368-1644) ва Цин (1644-1911) сулолалари даврида яққол кўзга ташланган.
Мин сулоласи вакили – император Чжу Юаньчжаннинг келиб чиқиши деҳқон эди. У деҳқонлар қанчалик катта тўловлар тўлашга мажбурлигидан яхши хабардор бўлган, шунинг учун тахтга ўтиргандан кейин қилган биринчи иши солиқ юкини камайтириш бўлди. Бироқ бу ислоҳот акс натижа берди: солиқ тушумларининг камайиши ортидан амалдорларнинг маоши ҳам камайиб кетди ва улар даромад олишнинг бошқа йўлларини излашга мажбур бўлишди. «Бошқа йўл» эса император ҳимояламоқчи бўлган ўша деҳқонлар эди.
Давлат ходимлари сонининг қисқартирилиши ва амалдорларга кенгроқ ваколатлар берилиши вазиятни янада оғирлаштирди. Амалдорлар маошидан 10-20 карра кўпроқ ноқонуний даромад топадиган бўлишди. Мин сулоласи даврида коррупция шунчалар одатга айланиб қолдики, бу иллатга қарши кураш чоралари самара бермай қўйди. Масалан, ойликларнинг оширилиши ҳам амалдорларни порадан тия олмади.
Ҳукумат коррупцияга қарши курашиш учун турли-туман усуллардан фойдаланиб кўрган, ҳатто анчагина қатъий жазо турлари ҳам қўлланган. Айтайлик, Цинь сулоласи даврида (милоддан аввалги 221-206 йиллар) пора билан қўлга тушган амалдорнинг юзига тамға қўйиб, у мажбурий меҳнатга жалб қилинган бўлса, Мин сулоласи даврида порахўр амалдорнинг териси тириклайин шилиб олинган. Бир кун ишга келмаган амалдор 20 марта, 20 кун келмагани эса 100 марта дарра еган. Цин сулоласи даврида кичикроқ пора олган давлат ходими 70-100 марта дарраланган. Миссури университети тадқиқотчиларининг айтишича, бундай жазони ҳар ким ҳам кўтара олмаган, кўпчилик ўлиб қолган.
Тарихий манбаларга қараганда, Мин сулоласининг 276 йиллик ҳукмронлиги пайтида 150 мингга яқин давлат ходимлари коррупцияда айбланиб жазога тортилган. 1736-1795 йилларда ҳукмронлик қилган император Цяньлун эса атиги 400 нафар амалдорни коррупция туфайли вазифасидан озод қилган, бироқ айбдорларнинг ҳаммаси ҳам жазога тортилмаган.