Хитойдаги мактабга ҳужум қилиниши оқибатида саккиз бола ҳалок бўлди

Хитойдаги мактабга ҳужум қилиниши оқибатида саккиз бола ҳалок бўлди

Хитойдаги мактаблардан бирида пичоқ билан уюштирилган ҳужум натижасида яраланган саккиз нафар бола 3 сентябрь, сешанба куни касалхонада вафот этди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар беряпти.

Фожеа 2 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 8:00 (Тошкент вақти билан 5:00) атрофида Ҳубей провинциясидаги Байянпин шаҳрида содир бўлди. Бир эркак кичик синф ўқувчиларига пичоқ билан ҳужум қилиб, уларни жароҳатлаган. Полиция шу куниёқ жиноятчини қўлга олди, у айни шаҳарда яшайдиган Ю (Yu) исмли 40 ёшли эркак бўлиб чиқди. Ҳозир у ҳибсда.

South China Morning Post’нинг маҳаллий ОАВга таяниб ёзишича, бу эркак муқаддам қотилликка уриниш айблови билан судланган. Полиция ҳали бу маълумотни тасдиқламади.

Ҳозирда жароҳатланиб тирик қолган болалардан икки нафари Энши касалхонасида қолмоқда, уларга зарурий ёрдам кўрсатилган. Маҳаллий ҳукумат жабрланганларнинг яқинларига ҳам ёрдам кўрсатилаётганини айтган.       

5269