Хивада “Лазги” халқаро рақс фестивали ўтказилади

Хивада “Лазги” халқаро рақс фестивали ўтказилади

2022 йилдан бошлаб Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказилади. Бу ҳақда президентнинг «“Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида» ги Қарорида айтилган.

Рақс фестивали ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрель кунлари ташкиллаштирилади.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул органлар этиб белгиланди. Ташкилий сарф-харажатларнинг 70% ини вазирлик, 30% и Хоразм вилоятининг маҳаллий бюджети, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан қопланади.

Қарор билан фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

“Лазги” рақс танлови 3 та номинация (“Энг яхши яккахон рақс ижросичи”, “Энг яхши рақс жамоаси” ва “Энг яхши саҳналаштирилган рақс”) бўйича баҳоланади.

Танлов ғолиблари қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • “Гран-При” – 7 000 АҚШ доллари;

Ҳар бир номинация бўйича:

  • 1-ўрин – 5 000 АҚШ доллари;
  • 2-ўрин – 3 000 АҚШ доллари;
  • 3-ўрин – 2 000 АҚШ доллари.

Ташкилотчилар томонидан ҳар бир қўшимча номинация учун 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари ажратилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабрида Хоразм лазги рақси Ўзбекистоннинг маданий ёдгорлигининг бир қисми сифатида Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган эди.