Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор халқнинг йиллик солиғини неча маротаба тўлаб берганлигини биласизми?
18.10.2022 14:52,  
103

Подшо ва сигир

Кунларнинг бирида Турон хоқони аъёнлари билан овга чиқибди. Ов пайтида ногоҳ бир оҳуни кўриб, изидан қувибди. Оҳу чаққон, хоқон арғумоғи чопқир эди. Бир зумда бошқалардан ажраб, узоқлашиб кетибди. Узоқ югуришдан сўнг оҳу саҳрода ғойиб бўлибди. Хоқон ёлғизликда ҳайрон қолибди. Олисдан бир ўтов кўринибди. Ҳориб чангга беланган, чанқаган хоқон ўша ерга борибди ва сув сўрабди. Кекса бир киши косада сув берибди ва: “Кўп йўл юрганга ўхшайсиз, кун ҳам кеч бўлди, отдан тушиб бу тун меҳмонимиз бўлинг”, – деб ўтовига таклиф қилибди. Хоқон аъёнлари олисда қолиб кетганди. Бу кимсасиз, тўрт тарафида ҳам бирор аломат кўзга ташланмайдиган саҳрода ўтовда қолишдан ўзга чора тополмабди. Унда чолу кампир яшар экан. Ов кийимидаги хоқонни танишмабди, жуда яхши меҳмон қилишибди. Дастурхонни кўриб, хоқон ўйланиб қолибди. “Элим тўкин-сочин, фаровон яшар экан. Ўрдага борсам, албатта, солиқни ошираман”, – деб ният қилибди ва уйқуга кетибди. Тонг чоғи хоқон ташқаридан кампирнинг жонҳолатда жаҳл билан жаврашидан уйғониб кетибди. У: “Эй чол, тез дуога ўтиринг, элнинг шўри қуриди. Подшонинг феъли айниб, нияти бузилди. Сигиримнинг сути ярмига камайиб кетди”, – дея жиғибийрон бўларди.

Эгизак воқеа

Суҳбат чоғи юқоридаги ҳодисани тинглаганлар қадимда даврадан-даврага кўчиб юрган бир эски ривоят деб ўйлашганди. Ҳаётда шундай воқеа содир бўлишига ишониш қийин эди. Аммо ушбу воқеа ҳам худди юқоридагига ўхшаш тарзда рўй берганди. Уни бир қанча мутахассислар ҳозиргача таҳлил қилади. Уни эл тўқиб чиқарган ҳикоятлардан бири, деб ҳеч ким шубҳаланмайди. “Мақомоти Хожа Убайдуллоҳ” асарида келтирилишича, темурий Умаршайх Мирзо Тошкентда пайтида кўнглини ёмон ниятлар мағлуб этади ва мусулмонлардан солиқ ундирмоқчи бўлиб, пул талаб қилади. Ҳазрат бундан хабар топиб, Тошкентга келади ва халқни бу оғир юкдан халос этиш учун унга 250 минг динор беради. Эл бир йиллик солиқдан қутулади. Ҳазрат яна бир дафъа султонлардан бирининг нияти бузилганда худди шу тарзда мусулмонлар учун 70 минг динорни солиқ ўрнида тўлаб юборади.1

Шарофатли солиқ

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор бу солиқ турини барча маърифатли мусулмонлар каби жуда яхши биларди ва ўрни келганда уни тўлаб ҳам турарди. Домла Ботур Валихўжаев ёзади: “Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида Хожа Убайдуллоҳга қарашли мол-мулк, ер ва катта бойликлар майдонга келади. Буларнинг айрим қисми сотиб олинган бўлса, айримлари назр қилиш йўли билан унинг номига ўтказилган. Деҳқонларнинг ихтиёридаги ерларни Хожа Убайдуллоҳ номига ўтказилиши – назр қилинишининг сабабларидан бири шунда эдики, Абу Саид мирзонинг фармони билан Хожа Убайдуллоҳга қарашли ер ва мулкдан (ўндан бир) миқдорда солиқ олинарди холос. Бошқаларнинг ер ва мулкларидан унга қўшимча яна бошқа солиқлар ҳам ундириларди. Бу эса деҳқонларни ниҳоятда қийин аҳволга солиб қўярди. Шунинг учун кўпчилик деҳқонлар ерларини Хожа Убайдуллоҳга назр қилиш билан унинг номига ўтказардилару, ўзлари ўша ерларда ишлашни давом эттирардилар. Бунинг натижасида улар ортиқча солиқлардан халос бўлишарди”. Бу ўлкамизда кейинги тадқиқотлар ва ўқувчилар оммаси орасида жуда кенг тарқалган талқиндир. Бироқ мутахассислар ҳужжатлар орасида айнан кимлар ер-мулкларини худди шу мақсадда Хожа Убайдуллоҳ ихтиёрига ўтказганини кўрсатмайди. Назр-ниёз қилиш масаласига ҳеч бир эътироз йўқ. Аммо уларнинг ҳам аниқ миқдори бирор манба ё тадқиқотда қайд этилмаган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг солиққа муносабати, у амалга оширган тўловларнинг барчаси шаръий асосда бажарилган.

Худди шу йўналишда борилганда Ҳазратнинг бу соҳада қилган ишлари мазмуни ойдинлашади. Унинг “ҳаддан ташқари бойликка ўчлиги” ё “саховатининг чексизлиги” ҳақида билдирилган танқид ва олқишларнинг ҳақиқий даражаси кўзга ташланади. Ҳазратнинг Самарқанд, Тошкент, Қарши, Кобулда қурдирган мадраса ва масжидлари, Хожа Кафш қабристонига вақф қилган кўплаб мулкларининг тақсимотида, албатта, авлодларига ҳам етарлича улуш ажратилган. Хожа вақфида авлодларига улуш тайин қилгани учун айрим тадқиқотчилар уни танқид қилишган. Бу масала ҳозир ҳам тадқиқотларнинг бир қисмини банд этади. Авлодли вақф мулкларининг битта муҳим шарти ва талаби бор эди. Бу турдаги ҳужжатни расмийлаштириш учун мулк эгаси давлатга 10 – 15 йиллик солиқни олдиндан тўлаб қўйиши ёки ихтиёридаги мулкнинг қонунда белгиланган тартиб бўйича бир қисмини давлат тасарруфига ўтказиши шарт эди. Ҳазратнинг барча вақф мулкларидан авлодларига улуш ажратилишини бошқа бирор қонуният билан изоҳлаб бўлмайди. Хожанинг барча ижтимоий фаолияти ўша даврдаги жамият қонунларидан ташқарида бўлмаган. Айниқса, унинг кўпчилик назарини асрлар бўйи жалб этиб келаётган йирик миқдордаги мулки фиқҳ масалалари орқали тафтиш қилинганда бугунги давр кишиси ҳақиқий манзарага яқинлашиб боради. Шарофатли солиқнинг мазмуни ҳам фақат шундагина кўринади. “Подшо ва сигир” воқеаси ҳам давра суҳбатларида йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмагани маълум бўлади. Умаршайх мирзога 250 000 ва яна бошқасига тўланган 70 000 дирҳам изсиз йўқолиб кетмаганди. Хожа Убайдуллоҳга тегишли авлодли вақф мулкларининг пайдо бўлишида, албатта, улар ҳисобга олинган. Улар шахс саховати ва шарофатли солиқнинг хайрли натижалари эди.

Солиқ мавҳ этган Султон

Хожа Убайдуллоҳ ашобларидан бири ҳикоя қилади: “Султон Маҳмуд Самарқандга подшо бўлган вақтда нохушликлар содир бўла бошлади. Ҳаммамиз тараддудга тушиб қолдик. Бир туш кўрдим – Ҳазрат кўп одамлар билан бирга эди. Ҳаммаси оқ либосда арабларга ўхшаб енги очиқ кийинган, боғланган салла ўрашганди. Фақирнинг уйига келишди. Ҳазрат тирик пайтлари бизникига меҳмон бўлгани каби хизмат қилишга киришдим. Меҳмондорчиликдан сўнг отга минди. От арқонини тутиб изидан борардим. “Бу кимса қанча вақт подшо бўлади?” – деб сўрадим. Ҳазрат: “Саккиз ой”, – деди. “Саккиз ой бўлса, камгина одам тирик қолар эканда”, – дедим. Ҳазрат: “Олти ой, энди жим бўл!” – деди. Бу азизнинг айтгани олти ойнинг охирида рўй берди. Шу кунлари мусулмонларнинг хосу авоми зиммасига 10-11 динордан солиқ қўйилди. Ҳазратнинг мухлис ва муридларига 500 000 динор белгиланди. Ҳазрат ўша азизнинг уйидан чиқиб кетгач, Мирзо амир Абдулаввал ҳузурига одам жўнатиб, боришини айттириб юборибди. Меҳмондорчилик учун зиёфатга тайёргарчилик кўрилибди. Мирзо маҳаллага келибди. Одатдагидек, қабристонга кириб, даҳма олдига келиб, бошини суфага теккизибди. Дилига қўрқув оралаган экан. Изтиробда у ердан чиқиб, амир Абдулаввалнинг уйига келибди. Бироз ўтириб, яна отланиб жўнаб кетибди. Шу куни тонгда ё эртасига иситмалаб, икки-уч кунда вафот этибди. Амир Аҳмад ҳожи марҳумнинг дафн маросимларини бажариб, ташқари чиқибди ва: “Эй мусулмонлар, Мирзони дуо қилинг. У 10-11 динор ишини бекор қилди”, – дебди. Шу куни барча мусулмонларга хурсандчилик бўлибди. Унинг вафоти тарихи ҳам “Даҳ-ёздаҳ” аз сари ғуломон гум шуд” (“Ўн-ўн бир” бандалар бошидан кетди) сатрида ифода топибди.2 Ҳукмдор Султон Маҳмуд темурий Абу Саид мирзонинг ўғли эди. Ўша давр кишиларининг суҳбатида бу Султон солиқ қонуниятини бузган эди. Солиқ уни мавҳ этди.

Сулҳ

Бир пайтлар Солиқ – жамият, давлат ҳаётининг шоҳтомири эканини ёзгандик. Давлат солиқсиз яшаб, мавжуд бўла олмайди. Солиқ икки оламда ҳам бандага шафоатчи бўлиб турувчидир. У хонадонни бало ва офатлардан сақлайдиган хайрли амалдир. Унинг зиммасига шундай вазифа юкланган. Шахс ва Давлат ҳам у туфайли фаровонликка эришади. Солиқ фақат давлатнинг «манфаати»га йўналтирила бошласа, у сулҳлик сифатини сўзсиз йўқотади ва жамиятда бедаво касалликларни ҳосил қилади. Жамият ҳаётида фавқулодда тезлик билан емирилиш бошланади, Давлат таназзулга юз тутади. Уни ҳеч нарса асраб қола олмайди. Мамлакатдаги урушлар, ўғрилик, талончилик, коррупсия энг оғир хасталикдир. Улар барча замонларда қудратли салтанатларни емирган, буюк қавмларнинг бошига етган. Ундан темурийлар ҳам қочиб қутула олмаган. Аммо одатда уларнинг барчаси Давлатнинг нотўғри фаолияти туфайли содир бўлади. Давлатнинг асл манфаати – солиқ тизими ва хусусиятини тўғри белгилашдадир. Солиқ тўловини четлаб ўтишга уриниш, бўйин товлаш – шахс ибодатларини ўтинга айлантиради.

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги

 Шарқшунослик институти катта илмий ходим.

 

1 Мақомоти Хожа Убайдуллоҳ./ Табаррук рисолалар. – Т.: Адолат, 2004. – Б. 169. 2 Мақомоти Хожа Убайдуллоҳ. – Б. 175, 176.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан