Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хонликлар замонидан қолган сиёсий тушунчамиз билан фақат монархия қуриш мумкин
13.11.2019 14:46,  
761

Контринтуитивлик ҳақида эшитганмисиз? Контринтуитивлик шундай ҳолатки, уни ақл ишлатмасдан ҳам бирдан пайқаймиз. Бўлиши мумкинмас деворамиз. Масалан, ташланган тош пастга тушмай осмонга кўтарила бошласа, бунга дарров эътибор берамиз. Ҳатто тили чиқмаган ёш бола ҳам анграйиб, қизиқиб қолади. Чунки тошнинг пастга тушмай, осмонга кўтарилиши бизнинг олам ҳақидаги энг примитив тушунчаларимизга ҳам зид. Ёки меҳнаткаш эмас, дангаса бўлган эшак ҳақида гапирсангиз кўпроқ эътибор тортади. Чунки эшак меҳнаткашлиги ҳақидаги тушунча сингиб кетган. Эшакнинг дангаса бўлиши эса контринтуитив ҳолатга айланиб қолган.

Контринтуитив дегани у хато дегани эмас. Масалан, қуёшнинг чиқиб ботиши интуитивроқ ер айланишидан кўра. Кун ботмаяпти, балки ер айланяпти деган қарашни одамлар қабул қилиши осон кечмаганини тушунса бўлади. Квант механикаси Ньютон механикасидан кўра, эволюция назарияси креационизмга нисбатан контринтуитивроқ.

Контринтуитив ҳолатлар ҳатто ҳақиқат бўлганда ҳам, минг марта далилланганда ҳам кўпчилик қабул қилиши жуда қийин кечади.

Энди муддаога ўтсам.

Бизнинг сиёсий интуициямиз хонликлар даврида шаклланган ва ўша вақтдан бери деярли ўзгармаган. Биз учун демократия монархияга нисбатан контринтуитивроқ. Давлатни шахслар эмас, қонун бошқариши керак десак, одамлар буни қабул қилолмайди. Чунки бизнинг сиёсий интуициямиз шахс бошқарувини табиий қабул қилади.

Раҳбарларнинг ўзбошимчалиги, давлат бюджетининг (давлат хазинаси) ўзбилармонлик билан сарфланиши биз учун нормал ҳолат ҳисобланади. Ахир у давлат-да, нима қилса ўзи билади. Барча партиялар лидерлари "президентимиз ташаббуси билан" деб гапириб туриши демократик нуқтаи назардан контринтуитив, бошқача айтганда, шаклланган демократик давлатда туғилиб ўсганлар бу ҳолатда нимадир жойидамаслигини дарров пайқайди. Аммо биз учун бу ҳам оддий ҳолат. Яъни биз учун контринтуитивмас, тош осмонга кўтарилаётгандек бўлмайди.

Жамиятимизда одамлар кичик адолатсизликлардан норози бўлиши, кичик ўзгаришларни талаб қилиши мумкин, аммо катта адолатсизликларга кўз юмади. "1984"даги пролларга ўхшаймиз. Футбол ўйинини бошқарган ҳакамнинг адолатсизлигини осон сезиб, норозилигимизни билдирамиз, соатлаб муҳокама қиламиз. Аммо вилоят ёки мамлакат миқёсидаги қайсидир раҳбар миллиардларни ўмариб, бутун қариндош уруғи тувагини тилладан қилворса ҳам, қандини урсин деймиз.

Одамларнинг контринтуитив ҳолатларни кўрсатувчи "компас"ини ўзгартириш осонмас. Ақлли гаплар, таҳлиллар жуда кам иш беради. Шу маънода одамлар онгини бошқариш либераллар, умуман демократларга осон кечмаслиги аниқ. Камига эски "компас"ни ўзгартирмасликдан "катта кучлар" (шу мужмал иборани мен ҳам бир ишлатиб қўяй) манфаатдор.

Хуллас, демократия ва ҳуқуқий жамият биз учун контринтуитив ҳодисалар.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан