Хонқиз қишлоғидаги «Хонқиз» ёхуд 9 мактабдаги зўравон директорга чора кўрадиган мард борми?!

Хонқиз қишлоғидаги «Хонқиз» ёхуд 9 мактабдаги зўравон директорга чора кўрадиган мард борми?!

Таҳририятга Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида яшовчи нафақадаги ўқитувчи Алижон Бакиржоновдан шикоят аризаси келиб тушди. Унда Фарғона туманидаги 9-мактабдаги ноҳақликлар қаламга олинган. Жумладан, ушбу таълим муассасасида меҳнат қилаётган жияни Маҳлиё Сўфиевани мактаб директори Х.Турдиматова томонидан мунтазам ҳақоратланиши, ноҳақ ишдан бўшатилгани ва мактабда носоғлом муҳит ҳукм сураётгани ёзилган. 

“Жияним, Сўфиева Маҳлиё уч йилдан буён тумандаги 9-мактабда рус тили фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди. 2017 йилнинг август ойида у мактаб директори Х.Турдиматова томонидан ҳақоратланиб, оғзаки буйруқ билан ноҳақ ишдан бўшатилади. Қўлига ҳеч қандай огоҳлантириш хати берилмайди. 3 ойлик ҳомиладор Сўфиева Маҳлиё камситилгани, соғлиги ёмонлашгани сабабли шифокорга мурожаат қилади. Натижада бир ҳафта давомида уйда даволанади. Шундан сўнг вилоят касаба уюшмалари федерациясига мурожаат қилдик. Аризамизни ўрганган таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлими раҳбари О.Раҳмонов масалани ўрганиб, ноҳақ ишдан бўшатилганини аниқлайди. 

Мутасаддилар мактаб жамоаси билан йиғилиш ўтказиб, жиянимни ишга тиклаб кетди. Бу вақтда мактаб директори малака оширишда бўлгани учун касаба уюшмаси аъзолари йиғилишида иштирок этмади”. 

Бу пайтда Маҳлиё Сўфиеванинг турмуш ўртоғи Элёр Сўфиев ҳам шу мактабда директор ўринбосари бўлиб ишлар эди. Аммо у ҳам иккки ўт орасида қолгани учун ўз хотинига ёрдам бера олмайди. 

Бу шикоят ортида инсон тақдири ётибди. Шу боис муаммога ойдинлик киритиш ва масалани холис ўрганиш мақсадида 9-мактабга бордик. Биз борган пайт мактабда ўқув йили якунланаётган эди. Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элмурод Каримов муддаомизни эшитиб, тумани халқ таълими бўлимидан рухсат олиб келишимизни, акс ҳолда мактабга кирита олмаслигини билдирди. Директор Холида Турдиматовага қилган қўнғироқларимиз эса жавобсиз қолди. 

Журналистик одоб қоидаларини бузмаган ҳолда ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни тушунтирмоқчи бўлдик. Аммо Элмурод Каримов бир гапни ушлаб олиб, бизни эшитишни хоҳламади. Ундан фақатгина мактабда 748 нафар ўқувчи ўқишини билиб олдик, холос.

Шундан сўнг туман халқ таълими бўлимига бордик. Дастлаб, мудир Расулжон Турғуновни вилоятда йиғилишда дейишди, сўнг ўзи билан қўл телефони орқали гаплашганимизда туман марказида тадбирда эканини айтди.

Расулжон Турғуновга жуда кўп саволлар бердик: «Нега 9-мактабга киришимизга рози бўлмаяпсизлар? Нега мактаб ҳаёти билан танишишга рухсат бермаяпсизлар? Мактабнинг тумандаги рейтинги қанақа? Ўтган уч йил давомида мактаб билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” каби танловларда қандай натижа қайд этган?» каби саволларимиз жавобсиз қолди. 

Аксинча, мудир Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасида ишловчи Умид исмли ходимга қўнғироқ қилишимизни тайинлади. У билан туман халқ таълими бўлими мудирининг қўл телефони орқали гаплашдик. Умиджон ҳам мактабга киритилмаётганимиз сабабини изоҳлай олмади. 

Ва ниҳоят яна туман марказидан 35 км. узоқликдан йўл босиб, Миндон қишлоғига қайтдик. 

Исми сир қолишини истаган ўқитувчи биз билан суҳбатда қуйидагиларни айтиб берди:

— Ўқув йили якунланишини ҳеч ким менчалик кутмаётган бўлса керак. Чунки бу ерда ишлаш бугунги кунда қаҳрамонлик бўлиб қолди. Биринчи навбатда директоримиз Холида Турдиматова билан ишлаш азобга айланиб қолди. Арзимаган нарсага жаҳли чиқади, ўқувчилар олдида ҳам бизни беҳурмат қилади. Сал нарсага бақириб, ишдан бўшатиш ҳақида таҳдид қилади. Тўғриси, сиз билан учрашиб, гаплашаётганимни биров кўриб қолишидан қўрқяпман. Сабаби, у бу ҳақда билиб қолса менга яна таҳдид қилишни бошлайди. Кимки унинг устидан шикоят қилса, охир-оқибат ўзи айбдор деб топилади. Агар жаҳли чиқиб турган бўлса, ўша ходимни ишдан бўшатиб юборади. Мактабда гуруҳбозлик авж олган. Директор бу каби иллатларни йўқотиш, мактабда соғлом муҳитни ривожлантириш ўрнига ўзи бош-қош бўлиб носоғлом муҳитни шакллантириб қўйди. 

Йиғилишларда ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Ўқитувчининг зиғирдек айбини топиб олса, уни барча ҳамкасблари олдида шарманда қилади. Қишлоқ жойда аёлларга бошқа иш йўқлиги, бошқа мактаблар бу қишлоқда яшовчи аёл ўқитувчиларга узоқлик қилгани учун ноилож шу мактабда ишлашга мажбурмиз. Агар оиламиздаги шароит яхши бўлганида, турмуш ўртоғимиз кўпроқ пул топганида, бир дақиқа ҳам бу аёл раҳбарлик қилаётган мактабда ишламасдик.

— Мен бу дунёда адолат, ҳақиқат йўқлигига яна бир карра ишондим, — деди жабр кўрганлардан яна бири. — Мен бу мактабда ҳамшира бўлиб ишлардим. 2017 йилда пахта пайтида бир-икки кун сабабли пахтага чиқмаганим, директорнинг айрим ноқонуний талабини бажармаганим учун менга тазйиқ ўтказишни бошлади. Шундай қилиб директор ҳеч кун бермагач, бошқа мактабга ишга ўтиб кетишга мажбур бўлдим. Ҳозирги кунда уйимдан 35 км. узоқликдаги мактабга бориб, ишлаяпман.

— Мактабимиз ўқувчилари билимга чанқоқ, иқтидорли ўқувчилар. Менга энг алам қилаётгани шундай иқтидорли ва истеъдодли болалар мактабдаги гуруҳбозлик, айирмачилик орқасидан етарли билим ололмаяпти. Директорнинг мен билан тескари бўлиб қолишига сабаб, пахта теримига чиқмаганман. Асосий ишим ўқувчиларга фанни ўргатиш, деганман. Бошқа мактабларда ўқувчини билимлар беллашуви, фан олимпиадасига тайёрлайдиган ўқитувчиларга шароит яратиб берилади-ку. Холида Турдиматова мактабда ўқитувчидан сифатли таълим беришни эмас, турли жамоатчилик ишларида фаол қатнашишни талаб қилади. Бундан уч-тўрт йил аввал пахтага бир-икки кун чиқмаганим учун ҳалигача мен билан тескари. Турли асаббузарликлар дарс сифатига ҳам таъсир қилмай қолмаяпти, — деди яна бир ўқитувчи.

Нега шунча муаммо ва камчиликлар бўла туриб бу ҳақда мактаб жамоаси эмас, нафақадаги ўқитувчи юқори ташкилотларга шикоят ёзмоқда? Нега ўқитувчилар ўз исми шарифларини бу қадар сир тутишни сўрамоқда? Нега улар “бизга ҳеч нарса қилмайдими?” дея қайта-қайта сўрамоқда?

— Ўқитувчиларнинг дарди ичида, — деди аризачи Алижон Бакиржонов биз билан суҳбатда, — Сабаби, улар туман халқ таълими бўлими мудирига шикоят қилса, директорга мудир ҳеч қандай чора кўра олмайди. Чунки директор Холида Турдиматова Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Турдиматовнинг қонуний турмуш ўртоғи. Шунинг учун Холида Турдиматованинг ҳатто туман халқ таълими бўлими мудири ҳам мушугини пишт дея олмайди. 

Сўзимиз Маҳлиё Сўфиевага бўлаётган тазйиқлар ҳақида эди. Маҳлиёнинг турмуш ўртоғи Элёржон Сўфиев бўлаётган ишларга дастлаб эътибор бермади, сўнгра хотини ва бошлиғи ўртасидаги тортишувга чидамадими ёки бошқа сабаблар ҳам бор эдими, ҳаю-ҳайт деб Россияга кетворди. Мана бир йилдан буён у Россияда ошпазлик қилмоқда.

— 2016-2017 ўқув йилида мактабнинг саккиз нафар ўқитувчиси бошқа мактабларга ишга ўтиб кетди, — деди яна бир ўқитувчи. – Директоримиз жуда қасоскор аёл. Кимдир унга гап қайтариб қўйса, ёки фикрлари ва қилаётган хатти-ҳаракатлари нотўғри эканлигини айтиб қўйса, боши балога қолади. Директор ана шу ўқитувчини ишдан бўшатмагунча тинчимайди. Ҳар қанақасига айб топиб, бошқа ҳамкасбларимиз олдида изза қилаверади. 

Директор Холида Турдиматова билан боғланиш учун қилган уринишларимиз самара бермади. Мактабдан тополмадик, телефон рақами эса доимо банд режимида турибди. 

А.Бакиржоновнинг аризасида, шунингдек, мактаб боғидаги мева-чевалар сотувидан тушган пуллар ўзлаштириб юборилгани, ўқитувчи ва юқори синф ўқувчиларига мажбурий равишда китоб соттирилганлиги, юқори синф ўқувчисининг ноўрин хатти-ҳаракатлари сабаб бошқа мактабга мажбурий равишда ўтказиб юборилганлиги каби важлар ҳам келтирилган. 

Аммо мактабга кира олмаганлигимиз, директорни топа олмаганлигимиз, туман халқ таълими бўлими мудиридан ҳам саволларга жавоб ололмаганимиз учун бу важлар нечоғли ҳақиқатга мос келишини айта олмаймиз. Қўлимизда эса Алижон Бакиржоновнинг юқори ташкилотларга ёзган ўнлаб шикоят ва аризаларининг нусхалари мавжуд. 

Бу масалага Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги жавоб беради, деб умид қиламиз.

Шарифа Мадраҳимова

"Маърифат"дан олинди