Хоразмда 10 нафар ИИВ ходими лавозимидан озод қилинди

Хоразмда 10 нафар ИИВ ходими лавозимидан озод қилинди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича Ички ишлар бошқармасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабарига кўра, унда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов, вилоят ҳокими Ф.Эрманов, вилоят ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилди.

2019 йил якунига кўра Хоразм вилоятида содир этилган жиноятлар сони 2,1 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 0,2 фоизга, шу жумладан қотиллик, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғирлик, транспорт воситалари олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайган.

Шунингдек, Ички ишлар вазири П.Бобожонов барча туман-шаҳарларда 4 та сектор раҳбарлари иштирокида шахсий таркиб билан суҳбатлар ўтказиб, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш, аҳоли учун хавфсиз шароитларни яратиш борасида топшириқларни берди.

Бундан ташқари йиғилиш давомида Хоразм вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида масъул идораларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ишларида камчиликлар мавжудлиги таъкидланди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Йиғилиш давомида ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун вилоят ИИБ Ҳарбий сафарбарлик бўлими бошлиғи Р.Ходжиев, Эксперт-криминалистика бўлими бошлиғи Қ.Ўринов, Хива тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Д.Мадрахимов ва Ҳазорасп тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи А.Юсупов ва яна 6 нафар профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди. Шунингдек, бир қатор ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.