Хоразмда Чехиялик сайёҳнинг «Iphone»и топиб берилди

Хоразмда Чехиялик сайёҳнинг «Iphone»и топиб берилди

Кеча, 12 январь куни Хивага келган чехиялик сайёҳ Ҳаррис Элисканинг телефони йўқолиб қолган. Сайёҳ Хоразм вилояти Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига оғзаки мурожаат қилиб, “Iphone se” русумли қўл телефонини саёҳат қилаётган вақтда, қайсидир манзилда унутиб қолдирилганини айтиб, ёрдам сўраган.

Хоразм вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими С. Артиқовнинг Sof.uz'га маълум қилишича, ходимлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, унутиб қолдирилган “Iphone se” русумли телефон топилган ва уни эгасига қайтариб берилди.

Чехиялик Ҳаррис Элиска Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларининг ҳаракатларини юқори баҳолаган ва уларга ўз миннатдорчилигини билдирган. Шунингдек, сайёҳ қиз ушбу телефон у учун жуда қадрли эканлигини билдирди.