Хоразмда Малайзия университети филиали очилади

Хоразмда Малайзия университети филиали очилади

Малайзия Технология университетининг («Universiti Teknologi Malaysia» – UTM) бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича филиалида инжиниринг, ахборот технологиялари, фундаментал фанлар ва менежмент йўналишлари бўйича таълим берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида хабар берилмоқда.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ва UTM ректори билан учрашув давомида Профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини ошириш ва талабалар алмашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишиб олинди, шунингдек, Хоразм вилоятидаги тегишли олий таълим муассасаси негизида франчайзинг модели бўйича Малайзия олий таълим муассасаси дастурларини жорий этиш, келгусида UTM филиалини очиш тўғрисида битим имзоланди.  

Келгуси музокаралар давомида илғор тажрибани ўзлаштириш, янги амалий билим ва бошқарув кўникмаларига эга бўлиш мақсадида талабаларнинг Малайзиядаги тегишли йирик компанияларда стажировка ўташи масалалари муҳокама қилинди. Бу истиқболли, экспортга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун минтақага Малайзия инвестициялари оқимини кўпайтиришга, шунингдек, мамлакатнинг илғор тажрибаси Ўзбекистон саноат секторига жорий этилишига замин яратади.

Маълумот учун: UTM 1904 йилда асос солинган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. «QS World University Rankings» статистикасига кўра, UTM «QS Asian University Rankings» версияси бўйича 228-ўринни ва Осиёдаги олий таълим муассасалари орасида 47-ўринни эгаллайди. Ҳар йили олий таълим муассасасини 12 мингдан ортиқ талаба битиради.