Хоразмда ёш қизни расмларини тарқатиб юбориш билан қўрқитиб катта пул талаб қилган йигит ушланди

Хоразмда ёш қизни расмларини тарқатиб юбориш билан қўрқитиб катта пул талаб қилган йигит ушланди

Урганч туманида яшовчи М.А. исмли аёл 2020 йил 24 июнь куни Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилди.

Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, аёл ўзининг аризасида, 1998 йилда туғилган қизининг интим расмларини қўлга киритган, Урганч туманида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқаро Ш.Р. ижтимоий тармоқлар орқали ушбу расмларни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилганини айтган.

Ҳамда Ш.Р. аёлнинг қизидан шу пайтгача 9 600 000 сўм миқдорида пул ва қимматбаҳо уяли телефонини олган бўлсада, яна 15 860 000 сўм миқдоридаги пулни товламачилик йўли билан талаб қилаётганлигини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш учун Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Ш.Р. талаб қилинган суммадаги пулни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Йигитлик ғурурини унутиб, аёлларга нисбатан товламачилик қилган ушбу шахсга нисбатан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.