Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хориждан олиб кирилаётган товарларни «мақсадини аниқлаш» бўйича Низом лойиҳаси эълон қилинди
7.12.2019 12:39,  
584

Давлат Божхона қўмитаси томонидан regulation.gov.uz порталига “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом” лойиҳаси қўйилди.

Унда ушбу Низом жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартибини белгилаши кўрсатилган.

Screenshot

Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

шахсий эҳтиёжлари учун товарлар – жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган шахсий, оилавий (ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари), эҳтиёжлари ва тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарлар;

тижорат мақсадлари учун товарлар – божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланган, яъни улардан фойдаланиш ҳар қандай шаклдаги даромад олиш билан боғлиқ бўлган товарлар;

Ушбу Низом асосида божхона ҳудудига олиб кирилган товарлар, мазкур ҳудуддан олиб чиқилаётганда, уларни олиб киришда тўланган божхона тўловлари қайтарилмайди.

Низом лойиҳасида айтилишича:

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш божхона органининг мансабдор шахси томонидан товарларнинг миқдори, хусусияти ва олиб ўтилишининг такрорийлиги ҳамда жисмоний шахс сафарининг ҳолатлари, шунингдек, божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар жисмоний шахс ва унинг оила аъзоларининг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланганлигини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Божхона органининг мансабдор шахси товарларнинг мақсадини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилишда қуйидаги мезонларга асосланади:

а) чегара божхона постлари орқали товарларни олиб ўтишда:

товар хусусиятлари – товарнинг истеъмоллилиги, унинг қўлланилиши ва фойдаланиши инобатга олинади. Бунда, одатда турмушда фойдаланилмайдиган товарларни олиб кириш, бундай товарлар тижорат мақсадида олиб кирилаётганлигига асос бўлади, агар товарларни олиб ўтаётган шахс буни аксини исботлаб бермаса;

товарларнинг миқдори – бунда, товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги (бир номда, бир ўлчамдаги, бир шакл ҳамда рангда ва бошқалар) товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади.

товарларни олиб ўтишнинг такрорийлиги – бунда, айни бир шахс томонидан бир турдаги товарларни оз миқдорда бўлса ҳам бир неча бор олиб кирилишига, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун товарларни олиб кириш деб қаралади. Чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг божхона органига тақдим этиладиган паспортига қўйиладиган белги (штамп) Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтказиш пунктидан ўтишини аниқлаш учун асос ҳисобланади;

сафарнинг ҳолатлари – бунда, сафарнинг мақсади ва унинг давомийлиги, келиш давлати ҳисобга олинади;

бошқа ҳуқуқ-тартибот органлардан товарлар ва уларни олиб ўтаётган шахслар тўғрисида келиб тушган маълумотлар мавжудлиги – бунда, товарлар тижорат ёки бошқа шахсий эҳтиёжи билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда олиб ўтилаётган деб тахмин қилиш учун асос бўлади;

яшаш жойининг чегара ҳудудига туташ (яқин) жойларда жойлашганлиги – бунда, товарлар тижорат мақсадларида олиб кирилаётган деб тахмин қилиш учун асос бўлади;

б) халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалар (бундан буён матнда – ХПЖ ва ХКЖ) орқали, шу жумладан хорижий давлатларнинг интернет-дўконларида харид қилинган товарларни олиб ўтишда:

ХПЖ ва ХКЖ олувчининг ёши унинг манзилига келувчи товарларнинг хусусиятлари билан мувофиқлиги;

бир манзил бўйича яшовчи бир ёки бир неча жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган бир хил турдаги товарларни олиб ўтишнинг такрорийлиги;

декларацияда кўрсатилган товарларни қабул қилувчи манзилининг жисмоний шахс ҳақиқатда рўйхатдан ўтган жойи билан фарқлилиги;

юқорида кўрсатилган мезонлардан бирининг мавжудлиги божхона чегараси орқали жисмоний шахслар ва унинг оила аъзолари томонидан олиб ўтиладиган товарлар шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланмаганлигига (шахсий фойдаланиш ёки истеъмол мақсадида эмаслиги), тахмин қилишга асос бўлади.

Шунингдек, жисмоний шахслар божхона органининг мансабдор шахси томонидан божхона чегараси орқали шахсий эҳтиёжлар учун олиб ўтиладиган товарларнинг мақсадини аниқлаш бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи ҳамда суд органларига шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Божхона органининг мансабдор шахси жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун ХПЖ ва ХПК орқали йўналтирилган, шу жумладан хорижий давлатларнинг интернет-дўконларида харид қилинган олиб ўтиладиган товарларнинг божхона тўловлари суммасини ҳисоблашда, Умум жаҳон почта иттифоқининг ҳужжатлари билан назарда тутилган ҳужжатларда кўрсатилган товарлар қиймати тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланади.

Ушбу Низом алоҳида тоифадаги шахслар (халқаро ҳайдовчилар, хизмат сафари бўйича ҳаракатланаётган шахслар, делегация аъзолари ва ҳ.к.з.), шунингдек, хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш учун кўчиб келаётган шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларга нисбатан қўлланилмайди.

Низом лойиҳаси, Давлат божхона қўмитаси томонидан шу йилнинг 5 декабрь куни regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган бўлиб, муҳокамалар 20 декабрга қадар давом этади.

Сиз ҳам ушбу ҳавола орқали кириб, Низом лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан