Хориждан қайтаётган фуқаролар шахсий фойдаланиш учун қанча миқдорда дори воситаларини олиб кириши мумкин?

Хориждан қайтаётган фуқаролар шахсий фойдаланиш учун қанча миқдорда дори воситаларини олиб кириши мумкин?

Кеча АОКА ҳузуридаги штабда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда долзарб саволларга жавоб қайтарилди:

Савол: Хориждан чартер рейслар орқали кириб келаётган фуқаролар ўзлари билан шахсий фойдаланиши учун қанча миқдорда дори воситалари ва тиббий буюмларни олиб кириши мумкин?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сон «Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига мувофиқ:

Яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан қуйидагилар жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб ўтилиши мумкин:

  • - турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари;
  • 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмлар.

Бунда бир ўрамда:

  • - қаттиқ (таблеткалар, дражелар, гранулалар, кукунлар, капсулалар) дори шакллари учун — 100 бирликдан ортиқ эмас;
  • - эритма тайёрлаш учун қўлланиладиган кукунлар учун — 500 граммдан ортиқ эмас;
  • - гранула шаклдаги гомеопатик дори воситалари учун — 50 граммдан ортиқ эмас;
  • - инфузион эритмалар ва орал (оғиз орқали) қўлланиладиган эритмалар учун — 500 миллилитрдан ортиқ эмас;
  • - инъекциялар учун эритмалар — 10 ампуладан ёки 10 флакондан ортиқ эмас;
  • - ташқи дорилар учун — 200 миллилитрдан ёки 200 граммдан ортиқ эмас.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.

Дори воситаларини юқорида кўрсатилганидан ортиқ миқдорда олиб кириш ва олиб чиқишда жисмоний шахслар божхона органларига бўлиш ёки яшаш мамлакатининг тиббиёт муассасасидан унинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган дори воситасининг номини, унинг доривор шаклини ва даволаш курсига тавсия қилинган миқдорини кўрсатган ҳолда муайян жисмоний шахсга берилган ҳужжатни тақдим этадилар.

Халқаро қатнайдиган денгиз (дарё) кемаларида, самолётларда тиббий дорилар қутичасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг чекланган миқдорини олиб кириш ва олиб чиқиш тегишли транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган назорат чораларига риоя этилган ҳолда лицензиясиз амалга оширилади.