Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида тадбиркорларга вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилмоқда
11.08.2022 11:49,  
59

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг берилиши солиқ тизимининг энг муҳим функцияларидан бири бўлиб, у ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, моддий хом-ашё ресурслари, шунингдек, молиявий ва меҳнат ресурслари, жамғарилган мол-мулкдан самарали фойдаланишга ижобий таъсир кўрсатади. Яъни, солиқ юкини камайтириш орқали ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, молиявий аҳволни мустаҳкамлашга ва инвестиция фаолиятини жонлантиришга хизмат қилади.

2022 йил 27 июлдаги “Солиқ ва божхона қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра қатор божхона-солиқ имтиёзлари амалиётга жорий этилмоқда.

Жумладан, мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари норезидент жисмоний шахслар учун пасайтирилганлиги, шунингдек, ота-оналар фарзандларининг таълим олиши учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ва мактабларга ойига тўлайдиган 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар учун солиқ солишдан озод этилиши кўзда тутилган. Қолаверса, божхона божлари бўйича имтиёзлар берилишига доир ягона тартиб белгиланиши миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашади.

Шу билан бирга, хизматлар соҳаси, капитал бозори, чарм саноати ва тиббиётни ривожлантириш ҳамда хотин-қизларни ишга жойлаштирилишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилмоқда.

Қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари, шу жумладан, талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари жисмоний шахс даромадлари таркибига киритилмаслиги қайд этилган.

Бугунги кунда мазкур фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларлар сони 6 363 тага етди.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг қонунчиликда белгиланган нормалар доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва махсус контингентдан муайян миқдордаги тарбияланувчиларни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорлари (мазкур жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланганидан ошмайдиган миқдорларда) белгилаб қўйилган. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади.

Фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари бўйича даромад турига солиқ солинмаслиги белгиланган (Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-банди 3-қисми).

Қишлоқ жойларда жойлашган антенна-мачта металл конструкциялари, шу жумладан, уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар, шунингдек, улар эгаллаган ер участкаларига солиқ солинмаслиги белгиланган (Солиқ кодексининг 428-моддаси 2-қисми 13-хатбоши). Маълумот учун, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 507,6 млн сўм ер солиғидан имтиёздан фойдаланилган.

Маҳаллалараро савдо-хизмат кўрсатиш кўчалари бўйлаб жойлашган, уй-жой учун мўлжалланган кўчмас мулк объектлари яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк тоифасига ўтказилган тақдирда, 2024 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар мол-мулк солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини, уй-жойга мўлжалланган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида кўрсатилган туманлар ва шаҳарларнинг белгиланган туризм зоналарида рўйхатдан ўтказилган ҳамда мазкур ҳудудларда умумий овқатланиш, меҳмонхона, савдо, кўнгилочар, туроператорлик ва турагент хизматларини кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

Тадбиркорлик субъектларининг миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўланади.

Шунингдек, балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқдан ташқари барча солиқларни  тўлашдан озод этилади.

Чарм, мўйна хом ашёсини ва жунни тайёрлаш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда ушбу фаолияти бўйича фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.

Солиқ ислоҳотларини самарали юритиш мақсадида солиқлар бўйича имтиёзларни қўллаш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини бир текис ривожланишини таъминлайди.

Дилафрўз ҒАЙБИЕВА,

Йирик солиқ тўловчилар бўйича

ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси

матбуот хизмати ходими.

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз