Хотира ва Қадрлаш кунини “Ғалаба ва Хотира куни”га ўзгартириш ҳақида петиция пайдо бўлди

Хотира ва Қадрлаш кунини “Ғалаба ва Хотира куни”га ўзгартириш ҳақида петиция пайдо бўлди

"Mening fikrim" жамоавий мурожаатлар порталида 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунини “Ғалаба ва Хотира куни”га ўзгартириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

"Сўнгги йилларда юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, миллий урф-одатлар ва қадриятларимизнинг улуғланиши ҳар биримизни хурсанд қилмасдан қолмайди. Хусусан, “Халқлар дўстлиги” санъат саройи номининг қайта тикланиши, “Шомаҳмудовлар оиласи” ҳайкалининг жойига қайтарилиши ва шу каби бошқа эзгу ишлар қадриятларимиз ва тарихимизга бўлган катта эътибордан дарак беради.

Маълумки, иккинчи жаҳон уруши фронтларига Ўзбекистондан 1 млн 430 минг нафардан зиёд киши сафарбар этилган бўлиб, бу ўша пайтдаги юртимиз аҳолиси (6,5 млн)нинг 22 фоизи урушда қатнашганлигидан далолат беради. Бундан ташқари, фронт ортида бешикдаги гўдакдан бошқа барча фашизмни енгишда астойдил ҳаракат қилган. Шунинг учун, фашизм устидан ғалаба қозонишда уларнинг жасорати беқиёсдир. 

Сўнгги йилларда 9 май арафасида “Ғалаба куни”ни нишонлашга аввалги йилларга нисбатан иштиёқ, муносабат ўзгарди: хусусан, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий парадлар ва турли тадбирлар мисолида.

Юқорида келтирилганларни ҳисобга олган ҳолда, 9 май Хотира ва Қадрлаш куни номини “Ғалаба ва Хотира куни”га ўзгартиришни таклиф қиламиз", дейилади мурожаатда.

13 май 21:40 ҳолатига кўра, мурожаатга 884 киши ёқлаб овоз берди, 601 киши эса буни маъқулламади.

"Урушда ғолибларни хотирлаймиз, тинчлигимизни қадрлаймиз. Мен қаршиман ўзгартирилишига. Ҳозиргиси бир чиройли турибди. Қайси урушда ғалаба? Иккинчи жаҳон уруши 9 майда эмас, 1941 йил 2 сентябрда тугаган. Ўз ўзидан, бу кетишда Улуғ Ватан уруши деган жумлага ҳам эҳтиёж пайдо бўлади. У ватан эса аллақачон йўқ", деб изоҳ ёзди Шуҳрат Шокиржонов.

"Ўзбекистон халқи Улуғ Ватан урушида ғалаба қозониб, бутун дунёга таҳдид солган фашизм балосини енгди. Ватанимизни бошқа урушдан асрасин. Шу ғалабани нишонлашга ҳаққимиз бор. Жуда ўринли таклиф. Қўллаб қувватлайман!", дейди Сардор Шарапов номли фойдаланувчи.

"Миллий ғурури йўқ ёки сиёсий фикрлаш савияси паст одамгина 9 майни ғалаба байрами деб нишонлайди", дейди Нодирбек Асқаров номли фойдаланувчи.

Муҳокамалар давом этмоқда.