Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хотирасини йўқотган машҳур ўзбек олими қариялар уйида
31.12.2017 17:33,  
241

Таниқли ижодкор Муаззам Иброҳимованинг ўзи гувоҳи бўлган воқеа ҳақидаги ушбу мақоласи кишини чуқур ўйга толдиради. Илм-фан кишиси, умрини бойиш ёки юксак мартабани эгаллаш учун эмас, юртига билими орқали хизмат қилишни истаган олим Пўлат Убаевич Орипов қариялар уйида афтодаҳол алфозда умр кечириши ғоят номақбул ҳол, айниқса ўзбек миллати учун. Ҳа, Пўлат Орипов машҳур физик, Фанлар академиясининг собиқ президенти, профессор Убай Ориповнинг фарзанди бўлади. Икки олимлар авлоди. Машҳур рус физиги, Нобел мукофоти лауреати Пётр Капицанинг ўғли олим Сергей Капицанинг ҳурматини россияликлар қанчалар жойига қўярди?.. Биз эса… афсуски, бу борада ғурурланолмаймиз. Sof.uz сайти мутасаддиларни физик олимнинг тақдиридан бефарқ бўлмасликка чақиради. Мақолани ўқинг.

Қариялар уйида суҳбатдошим бўлган бу отахон Физика- математика фанлари доктори, профессор ПЎЛАТ УБАЕВИЧ ОРИПОВДИР!

Ҳа, адашмадингиз... У ўша - буюк олим, физика-математика фанлари доктори, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистонда илк ташкил этилган Электроника институти (Хозирги Ион-плазмали ва лазерли технологиялар институти) асосчиси ва биринчи директори Профессор Убай Орипович Ориповнинг (манбаларда Убай Арифович Арифов) тўнғич ўғли бўлади.

Олим инсон қандай қилиб қариялар уйига тушиб қолди? Бу саволга унинг ўзи «Нима бўлганини билмайман, бу ерда ҳушимга келиб кўзимни очганимда февраль ойи эди», деб жавоб берди. Қайси йилнинг феврали эканини ҳам билмайди. Шифокорлар ҳам «Бизга олиб келишганида хаёли жойида эмасди. Унинг олим эканини ҳам кейин билмаганмиз. Бир киши хабар олиб туради», дейишдан бошқа аниқ маълумот беришмади.

Пўлат ота ёшлигида рус аёлга уйлангани, ундан икки ўғли борлиги, исмлари Темур ва Олим Бобур эканини айтганларида кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Болалар ёшлигида уларнинг онаси Москвага олиб кетган ва ўртадаги алоқалар узилган экан...

Бу постимда олимнинг ҳаётини муҳокама қилмоқчи эмасман. Асло. Чунки нима бўлганини аниқ билмайман.

Фақат бир нарсадан таажжубдаман.

Пўлат Убаевичнинг тақдиридан Фанлар Академияси қошидаги, У. А. Арифов номидаги Ион-плазмали ва лазерли технологиялар институти раҳбариятининг хабари борми? (Пўлат отанинг айтишича, институт уларнинг эски ҳовлиси ўрнида ташкил топган!) У Политехника институтида ҳам ишлаб, минглаб талабаларга дарс берган. Ўндан зиёд шогирдлари ўзи ишлаб юрган пайтда фан номзодлари бўлган, ҳозир камида фан докторлари бўлишса керак! Наҳот, энди ҳеч кимга керак бўлмаса!

Балки ростдан ҳам уни тўртга икки ўлчамдаги тор хонада, энг ачинарлиси ташландиқ ҳолатда яшаётганидан хабарлари йўқдир?!

Пўлат ота билан анча суҳбатлашдик. «Ҳозир нечанчи йил?» деб уч марта сўраган зиёли инсоннинг қисмати дилимни вайрон қилди. Аммо бир ҳолат юрагимда катта умид уйғотди. Қўлида ўзи муаллифлардан бири бўлган «Позитрон системалар. Позитрон диагностика» китоби бор эди. У 1978 йили нашр этилган китобни варақлаб, америкалик олимларни ҳам лол қолдирган илмий изланишлари ҳақида ҳеч нарсани унутмай, дона-дона қилиб гапириб бердилар.

Ўзининг рухсати билан олган видеолавҳамни керакли инсонларга етказиб, ёрдам беришимни айтганимда у қуйидагича жавоб қайтарди:

«ЁРДАМ МЕНГА ЭМАС, ЎЗБЕКИСТОН ФАНИ УЧУН КЕРАК! МЕН ЎЗ ТЕНГДОШЛАРИМ ИЧИДА УЗОҚ УМР КЎРАЁТГАН ЭНГ КЕКСА ОЛИММАН. ЎЗ БИЛИМЛАРИМНИ ЁШЛАРГА ЕТКАЗИШИМ КЕРАК!»

Бугун Президентимизнинг Фанлар Академияси ҳақидаги янги фармонларидан жуда хурсанд бўлдим. Олимлар ва зиёлиларнинг мавқеини тиклашга қаратилган бундан аввалги қарор ва фармонлари ҳам таҳсинга сазовор.

Балки, бу ўзгаришларнинг Пўлат Убаевич Ориповга ўхшаган унутилган инсонларга ҳам нафи тегар!

Бир умр фан, илм, маърифат тараққиёти учун изланган, ишлаган инсонларни мўйсафид ёшида ҳам қадрлайлик! Уларнинг илм хазинаси ва бой тажрибаси Ватан тараққиёти учун кони бойлик!

...«Позитрон системалар. Позитрон диагностика» китобини маҳкам бағрига босганча умид тўла нигоҳлар билан қўл силкиб қолган олим қиёфаси кўз ўнгимдан кетмаяпти.

Пўлат ота тақдири ҳақида унинг ўзи бир неча йиллар самарали фаолият кўрсатган (илмий фаолияти ва фан тараққиётига қўшган ҳиссаси хақида институт сайтида ўқишингиз мумкин), икки йил раҳбар лавозимида ишлаган (Отасининг ўлимидан сўнг 1976-1978 йиллар давомида директор бўлган) институт раҳбарияти ва Фанлар Академиясига етказиш керак, деган қарорга келдим.

Видеолавҳа жонкуяр журналистларнинг эътиборини ҳам жалб қилади деган умиддаман.

Ҳа, яна бир гап. Қариялар уйида турли сабаблар билан тушиб қолган машҳурлар кўп! Улардан бири машҳур журналист, фантаст адиб Рустам Обидовдир. Кейинги мақолам эса, ҳамкасбим, 16-касалхонада чорак аср меҳнат қилган олтинқўл жарроҳ хақида бўлади...

Мақолани ижтимоий тармоққа жойлашдан аввал у фаолият юритган институтнинг сайтида кўрсатилган электрон почтага ҳам юбордим. Афсус, электрон почта хатимни қабул қилмади.

Муаззам Иброҳимова

(фотосуратда олим Пўлат Орипов)

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан