Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Хрушчев қандай қилиб ўйиндан чиқарилганди?
29.11.2020 12:13,  
2528

«МИР 24» мухбири Роман Никифоров қандай қилиб Никита Хрушчевнинг ҳокимиятдан кетгани ҳақида атрофлича ёзган. Қуйида бу ҳақда ўқишингиз мумкин.

1964 йил апрелда Леонид Брежнев Кремлда Никита Хрушчевни мукофотлайди. Социалистик Меҳнат Қаҳрамонининг учта юлдузчасига яна биттаси қўшилади: «Совет Иттифоқи Қаҳрамони». Биринчи котибнинг 70 йиллигини нишонлаш арафасида катта байрам дастурхони ёзилади. Ҳурматли қаҳрамонни ҳаммаслаклари илиқ кутиб олишади. Айнан улар орадан маълум вақт ўтиб, Хрушчевни йўлдан олиб ташлашади. Ўйинга Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) раиси Владимир Семичастний ҳам қўшилганди.

«Хрушчевни йўлдан олиб ташлаш учун ҳар хил вариантлар кўриб чиқилди: заҳарлаш керакми ё... Кейин суҳбат мавзуси Швецияга келиб тўхтади. Ахир у ҳозир Швецияда ва қайтиши керак-ку! Балки, поездни тўхтатиш лозимдир, эҳтимол, ҳибсга олиш...» – шундай эслайди СССР Министрлар Совети (1961 – 1967) ҳузуридаги КГБ раиси Владимир Семичастний.

Фитначиларнинг кўпи Хрушчевдан қарздор эди. Шахсан В.Семичастнийнинг ўзи мамлакатнинг бош комсомоль аъзосидан асосий чекистга айланади. Қандайдир 37 йил ичида. Ёки бошқа фигураларни олайлик: Николай Подгорний. Хрушчев унга Украина Компартиясини ишониб топширади, сўнг Москвага олиб келади – Марказий Қўмита котиблигига. Яна бири – Леонид Брежнев. Сталиннинг вафотидан кейин Брежнев ишсиз қолади. Уни партия ишига эса айнан Никита Сергеевич қайтарган, ғамхўрлик қилганди. Л.Брежнев 60-йилларда Олий Совет президиуми раиси бўлади. Бу мамлакатдаги учинчи катта амал эди (МҚ биринчи котиби ва Министрлар Совети раҳбаридан кейинги).

Хўш, Хрушчевнинг кетишини истайдиганлар асосан кимлар эди? «Унинг тагини ковловчилар асосан Брежнев ва Подгорний эди», – дейди Украина Компартияси МҚ биринчи котиби (1963 ­– 1972) Петр Шелест.

«Тайёргарлик ишлари» йил бошидан бошлаб юборилади: дала ҳовлилардаги махфий суҳбатлар, республика бўйлаб саёҳатлар... Бу ҳақдаги маълумотлар биринчи котибга етиб борганда эса жуда кеч бўлганди.

«Мен уни барчасига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида огоҳлантирган эдим. Бу истеъфога чиқишидан бир ойча аввал тахминан сентябрь ўрталарида бўлганди», – дейди Никита Хрушчевнинг ўғли Сергей Хрушчев.

Сергей Хрушчев ҳозирда Америкада яшайди. Эслашича, отаси фитнага қарши ҳеч қандай чора кўрмаган. «Ўз хоҳишига кўра» истеъфога чиққан отаси ўшанда яна бир ислоҳот ўтказмоқчи бўлган экан.

«Отам янги Конституция (лойиҳаси) тайёрлаганди, – дея давом этади ўғли: – Унда доимий парламент бўлиши, ҳатто янги партия тузиш ҳақида ҳам гап борарди...»

Хрушчев ўзгаришларни хоҳлар, мамлакатдаги аҳвол қониқтирмасди. Иқтисодиёт оқсаган, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар... У ҳар қандай ҳолатда ҳам натижа талаб қиларди. Сталинни ёқтирмаган бу шахс ҳеч кимга, ҳатто партиянинг таниқли вакилларию ҳукумат амалдорларига ҳам имтиёз ё чегирмалар бермаган.

«Н.С.Хрушчевнинг асосий ютуғи шундаки, собиқ иттифоқда десталинизация (Сталин шахсига сиғинишни бартараф этиш ҳамда унинг давридаги сиёсий-мафкуравий тузумни йўқ қилиш) бошланишига айнан у сабабчи эди. Энг катта муваффақиятсизлиги эса ўзгарувчанлигида эди: ислоҳотларни бошлашга бошлаб, кейин уларни ҳам ислоҳ қилган. Кези келса, ўша ислоҳотларини бекор қилган ёки ғояларидан воз кечган. Бу эса охир-оқибат фуқароларни, айниқса, сиёсий оппонентларини унга қарши қилди», – дея таъкидлайди америкалик тарихчи Уильям Таубман.

Улар биринчи котибнинг Пицунда (Абхазия)га таътилга чиқишини кутишмоқда. Одатда бу ерда ҳаёт қизғин эди: Хрушчевга илтимослар билан келишар, учрашувлар ўтказиларди, аммо бу сафар...

1964 йилнинг октябри. Жимлик, ҳеч ким безовта қилмаяпти. Қўриқчилар бошлиғи ўзгаргани биринчи огоҳлик қўнғироғи эди. Кўп йиллар давомида Н.Хрушчевни Никифор Литовченко қўриқлаб келарди, аммо кутилмаганда янги шахс пайдо бўлса денг – Василий Бунаев.

12 октябрда Байконурдан «Восход» ҳавога кўтарилади – тарихда биринчи марта кема бортида 3 нафар астронавт бўлиши эди. Никита Сергеевич одатга кўра қўнғироқ ва ҳисоботларни кутмоқда, бироқ ҳеч ким қўнғироқ қилмаса-я! Ўша дамларни ўғли шундай эслайди?

«Ўзимни ёмон ҳис қилдим. Одатда ҳамма бундай кезлар биринчилардан бўлиб қўнғироқ қилишга интиларди. Бугун эса Н.Хрушчевни унутдилар, ҳисобдан чиқаришди. У энди шунчаки йўқдек эди...»

Ўша куни кечқурун Москвадан қўнғироқ бўлади: Брежнев. Хрушчевни МҚ Президиумига чақиряпти. Қишлоқ хўжалиги бўйича қандайдир муҳим масалаларни ҳал қилиш учун. Хрушчев ҳаммасини тушуниб турибди. Ахир 10 йилча олдин ўзи ҳам шундай қилганди-ку. Шунга қарамай, кейинги куни ёпиқ мажлисда қатнашгани пойтахтга учади.

«Ҳамма бир овоздан уни четлатишга қарор қилди. Энди ҳеч ким қўрқмасди, ўйлаган барча нарсаларини айтишди», – дейди Юрий Жуков.

Ўшанда Брежнев шундай деган экан: «Ариза ёзинг, сиз билан баҳслашиб-тортишиб ўтирмайман...» Хрушчев эса фақат битта нарсани сўраганмиш – пленумда хайрлашув нутқи билан чиқиш қилишга имкон берилишини. Брежнев йўқ деган, Суслов эса эндиликда собиқ биринчи котибни қўллаган экан.

Бу Шелестнинг хотираларидан (шуларни эслаётганида йиғидан кўз ёшларини тийиб туролмайди).

Пленум якунида Никита Хрушчев ўрнини Леонид Брежнев эгаллайди. Н.Хрушчев яна дала ҳовлига йўл олади. Бу сафар Қора денгиздаги эмас, Москва яқинидагига. Бу гал маълум муддатга таътилга эмас, бир умрлик «отпуска»га кетади.

Ҳалигача Сталиннинг ўлимига алоқадор деб ҳисобланувчи, Берияни ҳокимиятдан кетказган Никита Хрушчев ўзи ҳам фитнага гирифтор бўлди, фақат тинч йўл билан. Никита Хрушчев 1971 йил 11 сентябрда 77 ёшида оламдан ўтди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан