Халқ таълими вазирлиги мактаб формасида келмаган ўқувчига қандай жазо қўллаш мумкинлигини айтди

Халқ таълими вазирлиги мактаб формасида келмаган ўқувчига қандай жазо қўллаш мумкинлигини айтди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги белгиланган кийимда келмаган ўқувчиларни мактабга киритмаслик ҳолатига изоҳ берди.

Хабарда айтилишига кўра, сўнгги вақтларда мактаб формасида келмаган ўқувчиларни учун ўқув муассассасига киритилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Хўш, ана шундай жазо чораси қўллаш тўғрими, ушбу ҳолат ҳақида қонунда нима дейилган?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори, Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари тўғрисида” ги 2013 йил 28 февралидаги 74-буйруғи ва “Умумий ўрта таълим мактабларининг ички тартиб қоидаларини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2012 йил 7 июндаги 177-буйруғи билан белгиланган.

Ўқувчилардан мазкур талабларни бажариш талаб этилади. Ота-оналар эса талабларнинг бажарилишини назорат қилишлари лозим. Лекин, мазкур талаблар бажарилмаганида ўқувчиларни мактаб ҳудудига ёки дарсга киритмаслик бўйича ҳужжатда ҳеч қандай банд кўрсатилмаган.

Ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш ёки ташқи кўриниш тартибига риоя қилмаслиги таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш, деб баҳоланади. Бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

  • огоҳлантириш;
  • кундалик дафтарига қайд этиш;
  • тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўрнатилган талабларга риоя қилиш бўйича жойлардаги масъулларга кўрсатмалар берилди, дейилган хабарда.