Хусусий нотариус лавозими учун малака имтиҳонини ўтказиш тартиби белгиланди

Хусусий нотариус лавозими учун малака имтиҳонини ўтказиш тартиби белгиланди

«Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Буйруққа асосан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур Низом билан шу кунга қадар давлат нотариал идоралари нотариуслари учун танлов ўтказиш тартиби белгиланган бўлса, эндиликда хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

- хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳонидан ўтиш учун ҳужжатлар топшириш, малака имтиҳонини ўтказиш тартиби ва муддатлари;

- малака имтиҳонида иштирок этишни рад этиш асослари;

- малака имтиҳони саволларининг соҳалари;

- малака имтиҳони натижалари бўйича баҳолаш мезонлари ва бошқалар.

Шунингдек, Низомга имтиҳон саволлари Адлия вазирлигининг расмий веб сайтида эълон қилиниши ҳақидаги қоида киритилди.

Бундан ташқари, эндиликда нотариус лавозимида ишлаб турган фуқаро бошқа давлат нотариал идорасига ўтиш истагида танловда иштирок этиб, етарли баллни тўплай олмаса, эгаллаб турган лавозимидан озод қилинмайди.