Яна 27 киши овқатдан заҳарланди: бу сафар Андижон туманида

Яна 27 киши овқатдан заҳарланди: бу сафар Андижон туманида

Андижон туманида 27 нафар фуқаро овқатдан заҳарланди. Уларнинг аксарияти болалар, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, 8 октябрь куни соат 20.30 дан Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига 4 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган.

Шу куни соат 24.00га қадар фаол аниқлаш йўли билан яна 23 нафар фуқаро “овқат токсикоинфекцияси” бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

“Жами 27 нафар фуқародан 24 нафари туманнинг 35-мактаб ўқувчилари, 1 нафари синф раҳбари, 1 нафари мактаб ўқувчисининг онаси – туғилган кун муносабати билан торт пишириғи тайёрлаб олиб борган, яна бир 1 нафари эса шу синф ўқувчиси уйдаги кичик ёшдаги синглисига берганлиги натижасида заҳарланиш қайд қилинган”, - дейилади хабарда.

Барча беморлардан олинган ажратмалар вилоят СЭОМ лабораториясида текширилмоқда. Ҳозирда шифохонада 12 нафар бемор даволанмоқда, 15 нафарига эса аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган.

Беморларнинг аҳволи, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилади.

Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатъий назоратга олинган. Тажрибали шифокорлар томонидан беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилгани ва заҳарланганлар сони 26 нафарга етгани хабар қилинган эди.