Яна бир араб давлати Исроилни тан олди

Яна бир араб давлати Исроилни тан олди

Баҳрайн Исроилни тан олган тўртинчи араб давлати бўлди. Бир ой олдин Бирлашган Араб Амирликлари бу ишни амалга оширган эди. 

Икки давлатнинг дипломатик алоқа ўрнатишда бу сафар ҳам АҚШ воситачилик қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳақда Твиттердаги саҳифасида ёзди.

 

Исроил, Баҳрайн ва Қўшма Штатларнинг қўшма баёнотида ушбу келишув "Яқин Шарқда тинчликка эришиш учун тарихий ютуқ" эканлиги таъкидланган. Дипломатик ҳужжатларни имзолаш маросими 15 сентябр куни Вашингтонда бўлиб ўтади.

Associated Press нашрининг таъкидлашича, Фаластинда Баҳрайннинг хатти-ҳаракатлари танқид қилиниб, бу "Қуддус ва фаластинликларга хиёнат" деб аталди.

Август ойи ўрталарида, Трампнинг воситачилигидаги шунга ўхшаш битим доирасида Бирлашган Араб Амирликлари Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга рози бўлган эди.

Араб дунёсининг аксарият давлатлари ҳанузгача Исроилни тан олмаган. Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайндан олдин бу ишни 1979 ва 1994 йилларда мос равишда Миср ва Иордания амалга оширган.