Ольга Забелинская Ўзбекистон номидан Токио-2020 да қатнашади

Ольга Забелинская Ўзбекистон номидан Токио-2020 да қатнашади

Велоспорт бўйича уч карра олимпиада совриндори Ольга Забелинская Токиода бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши мумкин, деб ёзмоқда РИА Новости.

Забелинская 2018 йил ёзида спорт фуқаролигини Россиядан Ўзбекистонга ўзгартирган эди. Шундан сўнг у Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) шафелигида мусобақаларда иштирок этганди. Бироқ олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун Миллий олимпия қўмитаси ва Халқаро олимпиада қўмитаси қарори талаб қилинади.

“Ольга Токиодаги олимпиада ўйинларида иштирок этиши мумкин”, - дея хабар қилади Ўзбекистон велоспорт федерацияси, рухсат олинганми деган саволга жавобан.

Россия велоспорт федерацияси президенти Вячеслав Экимовнинг сўзларига кўра, федерация Забелинскаянинг иштирок этиши учун қаршилик билдирмаган.

Забелинская 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган олимпиада ўйинларида Россия шарафини ҳимоя қилиб, ҳам якка тартибда, ҳам жамоавий тартибдаги мусобақаларда 2 бронза медалини қўлга киритган, Рио-2016да эса кумуш медалга лойиқ кўрилган.