Яна иккита аэропорт “очиқ осмон” режимига ўтказилади

Яна иккита аэропорт “очиқ осмон” режимига ўтказилади

Андижон ҳамда Навоий аэропортлари “очиқ осмон” режимига ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазири Элёр Ғаниевга таяниб Spot хабар бермоқда.

Транспорт вазири бу ҳақда Тошкентдаги халқаро авиация форуми очилишида маълум қилган.

“Навоий аэрпорти — турли хил юкларни ташишни ташкил қилиш учун ноёб имкониятларга эга бўлган муҳим марказ, авиацион хаб. Қулай географик жойлашув ноёб имкониятларни яратади: ҳудуд мутлақо текис ҳамда 340 кун қуёшли об-ҳавога эга. Энг муҳими, барча керакли инфратузилма мавжуд ва учиш-қўниш йўлаклари ҳар қандай турдаги самолётни қабул қилишга имкон беради. Биз аэропортни юк ташиш маркази сифатида янада ривожлантиришни ва унинг мултимодал логистика имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни кутмоқдамиз,” — деди вазир.

2019 йил 1 октябрдан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро аэропортларида бешинчи ҳаво эркинлигидан фойдаланган ҳолда "очиқ осмон" режими жорий этилди. Элёр Ғаниевнинг сўзларига кўра, улар ушбу режимда ишлашни жорий йилнинг март ойидан бошлайдилар:

“Бизда [2020] март ойидан парвозларни бошлашга тайёр бўлган бир қатор шерикларимиз бор. Ҳозирда ушбу аэропортларга парвозларни ташкил этиш бўйича турк авиакомпаниялари, Аэрофлот, Якутия ва бошқа қатор хорижий компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Умид қиламанки, форум давомида ҳамкорлик тўғрисида аниқ келишувларга эришамиз”.

Бундан ташқари, юк авиакомпанияларининг парвозлари учун Навоий ва Термиз аэропортларида ҳаво транспортида юк ташишни ривожлантириш учун ҳаво эркинлигининг еттинчи даражасини таъминлаш режалаштирилган.

“Навоий ва Термиз аэропортлари халқаро савдонинг энг йирик транзит марказларига айланиши мумкин. Бу Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги йирик транзит марказига айлантиради, транзит имкониятларини кенгайтиради ва логистика харажатларини камайтиради”, - деди транспорт вазирининг ўринбосари Илҳом Махкамов.

Мавзуга доир: Ўзбекиcтонда зиёратчилар учун Hidaya Airlines номли янги авиакомпания очилади

Мавзуга доир: Элёр Ғаниев: Биз шундай рақобатбардош шарт-шароитларни яратамиз, бунда Ўзбекистон жуда жозибали манзилга айланади