Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Яна тил муаммоси: ўзбек тили қадрининг рус тилидан пастлиги сабаблари
11.02.2020 18:39,  
1402

Ижтимоий тармоқларда ўзбек ва рус тиллари баҳси яна авж олди. Нега Ўзбекистон мустақиллигидан қарийб 30 йил ўтиб ҳам мамлакатда рус тили ҳануз ўзбек тилидан устун?

Исталган давлат ва жамиятда тилни ўрганиш иккита омилга боғлиқ: сиёсий ва иқтисодий. Сиёсий омил шундаки, давлатда бирор тилга расмий мақом берилгани боис уни ўрганиш шу жамиятнинг тўла қонли аъзоларига, яъни фуқароларига мажбурий бўлади. Иқтисодий омил шундаки, маълум бир тилда гапирувчилар гуруҳи бизнес ҳамжамияти учун катта бозор ҳисобланади. Бу бозорни эгаллаш учун шу тилни ўрганишга эҳтиёж пайдо бўлади. Бу ўз-ўзидан истеъмолчиларнинг тили қадрини оширади; шу тилни билишни талаб қилувчи иш ўринлари кўпаяди ва натижада тилни ўрганишга эҳтиёж кучаяди.

Ўзбекистонда иккала омил ҳам заиф. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Давлат тили тўғрисидаги қонунга кўра, барча давлат идоралари ва ташкилотларда давлат тилида иш юритиш мажбурий; барча давлат ҳужжатлари, аввало, давлат тилида эълон қилиниши шарт. Демак, давлат секторида ишлайдиган ҳар бир шахс давлат тилини билишга мажбур. Аммо амалда бу талаблар ишламайди. Давлат идорасига ишга кирмоқчи бўлган одамдан ҳеч ким ўзбек тилида саводинг қанақа, деб сўрамайди. Лекин рус тилини билиши шартлиги талаб қилинади. Ўзбекчани рўзғор ёки кўча тили даражасида билса кифоя; ишга олинади.

Ўзбек тилининг иқтисодий асослари ҳам заиф. Мамлакатда рус тилини билмайдиганлар аҳолининг 70-80 фоизини ташкил қилса-да, улар ҳануз бизнес ҳамжамияти учун катта бозор эмас. Чунки уларнинг харид қуввати паст. Бу тоифадаги аҳолининг аксарияти иқтисодий аҳвол оғир бўлган қишлоқ жойларда, чет ҳудудларда яшайди. Бизнеслар асосий эътиборини харид қуввати юқори бўлган марказий шаҳарларга қаратган. Шу боис улар ҳалигача, асосан, рус тилида ишлайди; ўзбек тилидаги хизматлари номигагина мавжуд.

Русийзабон дўстларимиз нега ўзбек тилининг қадри паст эканлигини, асосан, битта сабаб билан боғлашмоқда: ўзбек тилида таълим сифатининг пастлиги. Ўзбек тилида таълим сифатининг пастлиги ҳақиқат, аммо ўзбек тили қадрининг пастлигига сабаб бу эмас, бу аслида муаммонинг оқибати. Агар тилни ўрганишга талаб бўлса, сифатли таълим тизими ҳам, бу тилда сифатли илмий адабиётлар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади. Давлат яратиб бера олмаса, хусусий сектор яратади. Бу оддий бозор қонуни. 100 фоиз давлат гранти асосида сифатли ўзбек тили курслари ташкил қилинган тақдирда ҳам, агар бу тилни кундалик ишингизда ишлатмасангиз, ўрганиб нима қиласиз?

Хуллас, тилнинг қийматини бошқа исталган маҳсулот ёки хизматда бўлгани каби талаб ва таклиф белгилайди. Тилни ўрганишни рағбатлантирувчи иқтисодий ва сиёсий омиллар заифлигича қолар экан, ўзбек тили ҳеч қачон бизнес, илм ва давлат тили бўла олмайди. Русийзабон ватандошларимиз ўзбек тилини яшаш учун, тирикчилик қилиш учун шартлигини тушуниб етсагина ўрганади. Акс ҳолда хоҳ Ўзбекистонда туғилган бўлсин, хоҳ бу юртда 70-80 йил яшаган бўлсин; ҳеч қачон ўрганишмайди. Чунки уларда бу тилга эҳтиёж йўқ.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан