Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Яна «вақтинча прописка»: қачонгача сарсон бўламиз?
14.01.2018 19:00,  
14

Пойтахтнинг «вақтинчалик» фуқаролари учун янгилик: энди «вақтинча прописка» учун туман ОВИРига эмас, ҳудудий шаҳар ички ишлар бўлимларига (ГОМ) мурожаат қилинг!

Бугун эрталабдан ижарадаги уйимнинг эгаси, 79 ёшли онахон билан туман хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бордик. «Вақтинча прописка» билан шуғулланадиган ходимлар хонаси ёпиқ. «Стол услуг»дан суриштирсам, энди ҳужжатларни шу вақтгача номини эшитмаганим ГОМга топширасиз деб жавоб беришди. ОВИРнинг ҳар бир хонасида навбат, охири бир ходимдан бизнинг ҳудудга хизмат қиладиган шаҳар ички ишлар бўлимининг қаерда жойлашгани ҳақидаги ахборотни олдим.

Ҳудудий шаҳар ички ишлар бўлимларининг фаолияти янгиланибди. У ерга ҳудуддаги бир нечта маҳаллалар бириктириб, шу маҳаллалардаги паспорт бўлимлари бир ерга бириктирилибди. Доимий пропискадан чиқариш/қўйиш, 17-форма, вақтинча прописка ҳужжатлари шу ерда қабул қилинмоқда/берилмоқда экан. Қабул кунлари душанба куни 10.00 дан 13.00 гача, сешанба, чоршанба, жума, шанба кунлари 09.00 дан 13.00 гача, пайшанба – профилактика куни, якшанба – дам олиш куни.

Иш кўлами кўпайгани учун 2 соат навбатга туришга тўғри келди. 15 кундан сўнг юқорида келтирилган қабул соатларида қайд варағини олиб кетишимни айтишди (туман ОВИР бўлимида тушликдан сўнг тарқатишарди).

Ҳудудий шаҳар ички ишлар бўлимида ҳали “стол услуг” ташкил этилмабди. Давлат божини тўлаш учун касса ҳам мавжуд эмас. Барибир ОВИРга боришга тўғри келади. Телеграмдаги @PassportInfoUzbot орқали вақтинча рўйхатдан ўтиш бланкаларини олиб, ўзингиз тўлдирсангиз ҳам бўлади. Лекин у ерда “адресный листок прибытие” йўқ. Уни ОВИРдаги стол услугда тўлдириб беришади.

Бу ишлар учун бугуннинг 4 соатини сарфладим. Иш кунимнинг ярми бюрократик оворагарчиликка кетди.

«Вақтинча прописка»ни аввалига участка инспекторлари расмийлаштириб берардилар, сўнг бу вазифа туман хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ўтди, энди ҳудудий шаҳар ички ишлар бўлимлари шуғулланяпти, 2019 йил январидан бу вазифа давлат хизматлари агентлигига берилади. Ўртада шаҳарнинг «вақтинча» яшовчилари сарсон.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси нега бу ҳақда хабар бермади? (бу ҳақда guvd.uz сайтида бирон маълумот топилмади) Тегишли участкаларга хизмат қилувчи бўлимларнинг манзиллари ва қайси ҳудудларга хизмат қилиши ҳақидаги ахборотни тарқатмади?

Нима учун олти ой? Ҳеч бўлмаса 2 йилга чўзилса бўлмайдими? Нега ҳар олти ойда сарсон бўлишимиз керак? Ваҳоланки, ижара шартномасини исталган муддатга туза оляпмиз-ку!

Ижара шартномасида уй эгаси турмуш ўртоғи билан бирга шу уйда туришига рози бўлиб, қўл қўйгандан кейин ҳам унинг шахсан ўзи келишини талаб қилиш тўғрими?

Паспортда бармоқ изи ва расм каби биометрик маълумотлар бўлгани ҳолда қўлни қора рангга булаб, бармоқ изи олиниши шартми? (вақтинчалик прописка учун илк марта топширилганда)

Биз информацион технологиялар асрида яшаяпмиз. 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинди. Наҳот шунча ҳужжатни ягона маълумот маркази орқали электрон тарзда топширишнинг имкони бўлмаса? (буни 2015 йилиёқ ёзгандим)

Ушбу саволларга тегишли ташкилотлардан ижобий жавоблар кутиб қоламан.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан