Янги авиакомпанияни ташкил этиш тўғрисида ВМ қарор қабул қилди

Янги авиакомпанияни ташкил этиш тўғрисида ВМ қарор қабул қилди

Фото: yandex.com

Ўзбекистонда Humo Air янги авиакомпаниясини ташкил этиш бошланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган.

2018 йил ноябрида президент Шавкат Мирзиёев авиация соҳасини ислоҳ қилишга доир фармон қабул қилган эди. Унга мувофиқ, “Махсус авиация ишлари авиакомпанияси” давлат унитар корхонасининг базасида янги компания Uzbekistan Helicopters ташкил қилинди.

Шу билан бирга, “Махсус авиация ишлари авиакомпанияси” ҳисобида Ан-2 самолётлари ва бошқа активлар қолган эди. Ушбу ДУК “Humo Air” МЧЖ сифатида қайтадан ташкил қилинди ва Давлат активларини бошқариш агентлиги таъсисчи сифатида кўрсатилди.

МАВЗУГА ДОИР: Абдулла Арипов: “Ўзбекистонда янги авиакомпания ташкил этилади”

Humo Air’нинг устав капитали ҳисобига 43 дона Ан-2 типидаги самолётлар ва ДУКнинг бошқа активлари ўтказилган. Уларнинг бир қисми кейинчалик сотилиши кўзда тутилган.

Транспорт вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда, зарурат бўлганда, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Humo Air МЧЖнинг рентабеллигини таъминлайдиган мақбул тузилмани инобатга олган ҳолда бизнес-модел ишлаб чиқиши белгиланди.