Мирзиёев янги Қонунни имзолади

Мирзиёев янги Қонунни имзолади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 24 октябрь куни қабул қилиниб, 30 ноябрь куни Сенат томонидан маъқулланган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Сенатор Зайниддин Низомхўжаевнинг маълум қилишича, қонун фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

“Қонун давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди. Касаба уюшмаларининг фаолиятига аралашишга, уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга, касаба уюшмаларининг фаолиятини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, қонунда касаба уюшмалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари, касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимлар учун кафолатлар, касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимлар учун кафолатлар, касаба уюшмалари органларига сайланган ходимлар учун меҳнатга оид қўшимча кафолатлар назарда тутилган”, дейди сенатор.

Янги қонун билан касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ҳамда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятининг иқтисодий асослари тартибга солинмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик ва унинг асосий принциплари, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тарафлари, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияларга доир нормалар, шунингдек меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик шакллари мустаҳкамлаб қўйилган.

Қонун ходимлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмалари учун қулай шарт-шароит ва кафолатлар яратишга, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.