Янги сўз

Бир сафар адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ака билан суҳбатимизда у киши 1989 йилда “Тил ҳақидаги қонун” лойиҳасини тайёрлашда иштирок этганлари ҳақида сўзлаб, бир нарсани айтиб бердилар:

”Ўша пайтда кўплаб давлатлар, хусусан, Франция, Латвия, Литва, Эстония ва бошқа мамлакатларнинг тил ҳақидаги қонун-қоидаларини кўриб чиққанмиз. Шунда қайсидир журналда Мисрда ажнабий – чет тилдан ўзлашган сўзларни қандай таржима қилиш ва адабий тилда қўллаш усуллари ҳақидаги мақолани ўқигандим...”

Айни мақолада нима дейилганини қуйида соддароқ қилиб тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

Демак, бир ажнабий, аммо халқ тилига ўзлашиб кетган сўзни маҳаллий тилга таржима қилиш ва шу билан бир вақтда ундан кенг омма фойдаланишини таъминлаш керак. Бунинг учун ўша ажнабий сўзни бир матн таркибида кетма-кет, турли мисоллар билан келтирамиз.

Бунда матндаги биринчи абзац(хатбоши)да аввал ўша ажнабий сўзни, қавс ичида эса унинг маҳаллий тилдаги, эндигина қилинган таржимасини келтирамиз. Табиийки, бу янги сўз кўзимизга бегона кўринади, унинг маъносини дабдурустдан тушунмаслигимиз ҳам мумкин. Аммо қавсдан олдин турган ҳамма тушунадиган сўз янги таржима қилинган сўзга изоҳ бериб кетади.

Матндаги кейинги хатбоши(абзац)лардан бирида ажнабий сўз ва унинг маҳаллий тилдаги янги таржимасининг ўрнини алмаштирамиз: энди янги сўз асосийга чиқади, уни изоҳловчи ажнабий сўз эса қавс ичига олинади. Бу вақтга келиб янги сўзнинг шаклига, маъносига анча тушуниб қолган бўламиз.

Матннинг охирроғидаги хатбошиларга борганда энди ажнабий сўзни ишлатишга ҳожат қолмайди, унинг ўрнини босувчи маҳаллий тилдаги муқобили тўлиқ ўзимизники бўлиб қолади.

Хуллас, чет тилдан кириб келган сўзни маҳаллий тилга таржима қилиб, уни тезроқ муомалага киритиш усули шундай. Менимча, юқоридаги матнда бу усул қайси сўз устида амалга оширилганини тушундингиз. (Аслида, бу янги таржима қилинган сўз эмас. Шунчаки, мисол сифатида танлаб олинди.)


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.