«Янги султон: Эрдоған ва замонавий Туркиянинг инқирози» ёхуд Туркия жар ёқасидами?

«Янги султон: Эрдоған ва замонавий Туркиянинг инқирози» ёхуд Туркия жар ёқасидами?

Фото: Anadolu Agency

Президент Эрдоған сиёсатга кириб келиши, оғир сиёсий муҳитда бунчалик мустаҳкам қудратга қандай эришгани мени қизиқтирарди. Шу саволларга қисқача жавобни Сонер Кагаптайнинг “Янги Султон: Эрдоған ва Замонавий Туркиянинг Инқирози“ номли китобида топдим.

Туркиядек мураккаб сиёсий муҳитда ғалаба қозониш, ҳокимиятни қўлга киритиш осон эмас. Айниқса, вилоятлик камтарона келгиндининг боласи Истанбулнинг камбағал районидан чиқиб, олий ҳокимиятни эгаллаши эртакдек туюлади, аммо ҳақиқат.

Сонер Кагаптай / “Янги Султон: Эрдоған ва Замонавий Туркиянинг Инқирози“ китоби

Эрдоғаннинг отаси диндор эди. Боласини Имом Хатиб мактабида ўқитади. Айнан шу мактаб сабабли Эрдоған ижтимоий фаолликни, нутқ сўзлаш, одамларга аралашиш, тарғибот қилишни ўрганади. Кейинчалик Нажмиддин Эрбакон партиясига қўшилади, секин-аста сиёсий фаоллиги ва тажрибаси ошиб боради.

Ашаддий илмоний давлатда Исломий партия бўйича фаолият юритиш оғир масала эди. Отатуркдан қолган радикал илмоний тизим Исломни заифлаштириб ташлаган, Ислом ва мусулмонларга ҳамон шубҳа ва эҳтиёткорлик билан ёндашиларди. Эрбакон тузган партиялар бир неча марта тарқатиб юборилади, ўзи эса сиёсий фаолиятдан таъқиқланади.

Шуларнинг ҳаммаси Эрдоғаннинг шахс ва сиёсатчи ўлароқ етилишида муҳим рол ўйнайди. Эрдоған Истанбулга мер бўлиб сайлангач ҳар томонлама шаҳардаги шароит ва сервисларни яхшилайди, халқ эътиборини қозонади.

Эрдоған бош вазир этиб сайлангач иқтисод ўса бошлайди. Йилдан-йилга ўсиш кўрсаткичлари яхшиланади. Туркияда ўзига тўқ ўрта қатлам сони ошиб боради. Айни пайтда Эрдоған армиянинг кучини кеса бошлайди. 2008 йилда бошланган “Эргонокен“ номи билан машҳур суд ишларида юзлаб ҳарбийлар қамоққа ҳукм этилади.

Муаллиф даъвосича, Эрдоған ўта маккорлик ва айёрлик билан қудрат манбаларини эгаллаб олди. Рақибларини бир-бирига қайраш орқали заифлаштирди. Ўз манфаати йўлида ишлатиб, кейин улоқтириб юборди. Масалан Гулен ҳаракати билан ҳарбийларга қарши иттифоқчи эди. Ўз мавқейини мустаҳкамлаб олгач улардан ҳам воз кечди.

Муаллиф Эрдоғанни иқтисодий жиҳатдан мисли кўрилмаган натижага эришганини ва шу сабабли қайта-қайта сайланиш билан мукофотланганини таъкидлайди. Агар иқтисодий ривожланиш давом этмаса, Эрдоған сайловчилар дастагини тезда йўқотишидан хавотирлик билдиради.

Эрдоғаннинг дадил ташқи сиёсати кўзланган натижани бермаганини, ўта оптимист сиёсат олиб боргани аммо ҳафсаласи пир бўлганини ёзади. Масалан, қўшнилари Сурия ва Эрон билан яқинлашишга уринди. Аммо бу икки давлат Туркияга дўст эмаслиги кўп ўтмай аён бўлди. Сурияда уруш бошлангач Россия, Эрон ва Сурия зимдан Туркияга зарба бера бошлади, дейди.

Бошқа араб давлатлари билан ҳам алоқаси ёмонлашганини таъкидлайди. Масалан, Мисрда Абдулфаттаҳ Сисий ҳукумати Эрдоғанни кўрарга кўзи йўқ. Мисрда инвестиция ётқизган Турк бизнесменлари чув тушиб қолди. Чунки Туркия Ихвонил Муслимийн тарафини олди. Ҳамма тухумларини бир саватга солди. Қарама-қарши томонлар билан ҳам очиқ мулоқот каналини сақлаб қолмади. Саудия билан алоқалар Хашоги ўлимидан сўнг кескин ёмонлашди. БАА, Миср ва Саудия билан алоқалар эса Қатар блокадаси сабабли совуқлашди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳам алоқалари таранглашганини ёзади. Туркия Россияга тегишли самолётни уриб тушириш ортидан Россия қанчалик хатарлиги маълум бўлди. Путин санкциялар эълон қилди, икки томонга ҳам зарар етди. Стратегик жиҳатдан Россия доим Туркияга жиддий хавф бўлиб келган ва шундайлигича қолмоқда, деб урғулайди муаллиф. Дарҳақиқат, шу кунларда кечаётган Идлибдаги кескин вазият Туркия-Россия ўртасидаги низоларни кескинлаштирган.

Бу китоб мен учун Туркиянинг умумий аҳволи ҳақида тасаввур ҳосил қилишда яхши манба бўлди.Таништирув китоб деса бўлади. Ниҳоятда мураккаб ва чигал бўлган Туркия парламентар тизимини равон шарҳлаган. Анча нарса ўргандим. Яна бошқа китобларини ўқимоқчиман.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.