Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Қонун: асосий ўзгаришлар

Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Қонун: асосий ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикасида “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Қонунга кўра, Марказий банк фаолиятининг асосий мақсадлари:

  • нархларнинг;
  • банк тизимининг;
  • тўлов тизимлари ишлашининг барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.

Марказий банкнинг банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича фаолияти нархларнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.

Фойда олиш Марказий банкнинг мақсади ҳисобланмайди.

Шунингдек, эски қонунга биноан, Марказий банк тижорий фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас эди. Бироқ, бундан Халқ банкининг ҳамда “Микрокредитбанк” АТБнинг капиталларидаги иштироки мустасно қилинган эди. Янги қонунга биноан, Марказий банк банкларнинг капиталларида ва бошқа юридик шахсларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга ҳақли эмас.

Шунингдек, янги қонуннинг 6 моддасида “Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, бошқа давлат органларига ва ташкилотларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштириш учун кредитлар ёки молиявий ёрдам бермайди”, -дейилган.

Марказий банкнинг устав капитали 500 (беш юз) баробар оширилиб, 1 триллион сўм этиб белгиланди (13 модда).

Марказий банкнинг олий органи - банк бошқаруви аъзолари сони 11 тадан 9 тага камайтирилган (19 модда).

Марказий банк ходимларига қуйидагилар тақиқланади:

ҳақ тўланадиган бирор-бир бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш, бундан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш мустасно;

банклар, хўжалик бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кузатув кенгашлари таркибига кириш;

ўз хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган банк сирини ташкил этувчи ахборотни ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилиши чекланган бошқа ахборотни ошкор этиш ёки учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб ундан фойдаланиш.

Марказий банк ходимларини тадбиркорлик субъектларининг ва бошқа субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти текширувларини ўтказиш учун жалб этишга йўл қўйилмайди (25 модда).