Янги вазирлик: мақсад ва вазифалар нима?

Янги вазирлик: мақсад ва вазифалар нима?

Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ташкил қилинди. Ўзбекистонда ҳам оила институтини реал ва етарлича қўллаб-қувватловчи, ҳимоя қилувчи давлат юқори ташкилоти зарур эди. Нима учун зарур эди?

Мен кузатган барча ривожланган давлатларда, ижтимоий ҳимоя юқори бўлган бой давлатларда, оилани қўллаб қувватлаш – давлатнинг, ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Оилани, болаларни, ишсиз оила боқувчиларни, оила боқувчисини йўқотган аёлларни, кўп болали оилаларни ҳимоясиз ташлаб қўйиш – охир оқибатда давлатнинг янада кучлироқ ижтимоий-иқтисодий таназзулга учрашига сабабчи бўлади.

МАВЗУГА ДОИР: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди

Жамиятда инсонларнинг имконияти ҳеч қачон тенг бўлмайди. Имконияти пастларни ҳимоя қилиш ва бошқалар каби уларга ҳам ўсиш, улғайиш, ўқиш ва ривожланиш учун имконият яратиб берувчи – бу давлат бўлиши керак.

Масалан, Францияда Оилани қўллаб-қувватлаш фонди – CAF (Caisses d’Allocations familiales) 2018 йилда оилаларга жами бўлиб 74 миллиард евро ёрдам берган экан. Германияда эса, рақамлар бундан ҳам каттароқ. Швеция, Норвегия, Исландия, Англия ва бошқа кўплаб давлатларда оилани қўллаб-қувватлаш энг устувор давлат сиёсати ҳисобланади. Шу сабаб, Ўзбекистонда ҳам оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил қилинишини ижобий қадам деб қабул қилдим.

Лекин, бу вазирлик бошқарувига тайинланаётган шахсларни кўриб, барчада давлатнинг мақсади нима экан, деган савол пайдо бўлиши, табиий. Ҳукумат оила ва маҳаллани ижтимоий ҳимоя қилишни ўйлаяптими ёки уни назорат қилишни янги воситасини яратаяптими, деган савол пайдо бўлди.

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

Сабаби, бу вазирлик раҳбариятига, асосан, куч ишлатар тизимларидан чиққан вакилларни тайинланиши ҳайратлантирди. Фикрлаш – йиллар давомида шаклланади ва маълум ёшга борганда ёпилади. Умид қилган эдимки, бу вазирликка дунёдаги ижтимоий ҳимоя тизимларини яхши тушунадиган, ёш авлод муаммоларини яхши ҳис қиладиган, аёллар ва болалар ғам-ташвиши билан қайғурадиган идеалистлар ва профессионаллар тайинланиши муҳимроқ эди. Балки, ҳозирча, бу мулозимлар вақтинчаликдир. Лекин, асосийси – давлатнинг бу борадаги тафаккури ҳисобланади.

МАВЗУГА ДОИР: Собиқ солиқбоши Ботир Парпиев ва Азизбек Икромов вазир ўринбосари бўлди

Кейинги даврларда бутун дунёдаги каби Ўзбекистонда ҳам оила институтига босим кучаяди. Бир томондан бозор муносабатлари, бошқа томондан глобализмнинг ахборот таъсири оилаларга салбий таъсир қилиш потенциалини оширади. Давлат Ўзбекистон оилаларини ҳимоя қилишни ўйлаб жуда яхши иш бошлади. Энди бу ғоянинг қадрсизланишига йўл қўймасдан мақсад вазифаларни ва кадрларни тўғри йўналтириш керак бўлади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.